1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Иллат

«Мен ичмайман» дейсизми?…

«Мен ичмайман» дейсизми?…

Бугун ёшлар орасига кириб ҳеч ким ичкиликдан фойда топмагани, ичкилик уруш-жанжа…

Read More...

“Арзонига учган”лар айбдорми?…

“Арзонига учган”лар айбдорми?…

 “Арзонига учган”лар айбдорми?

Бугун “Хитой маҳсулоти” деган сўз ҳеч биримизга янгилик эмас. Ва уни негадир икк…

Read More...

Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик…

Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик…

Айни чоғларда пойтахтимизнинг номдор санъат саройларида ёзги концерт мавсуми қиз…

Read More...

«Белдан пастки кулги» санъатми?…

«Белдан пастки кулги» санъатми?…

«Кулги умрни узайтиради», «кулгининг соғликка фойдаси катта», «яхши кайфият била…

Read More...

Prev
Next
  • 1
  • 2
  • 3

Муносабатлар

"Саёҳларга" текин маслаҳатлар…

"Саёҳларга" текин маслаҳатлар…

Хорижликлар саёҳат қилишни жуда яхши кўришади. Биз бор будимизни йиғиб тўй қилса…

Read More...

«Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!…

«Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!…

 Мен хориждагиларнинг яшаш тарзига, улардаги қулайликларга роса ҳавас қиламан. Х…

Read More...

«ЎРМОН ҲАЁТИ»…

«ЎРМОН ҲАЁТИ»…

Бу ҳаммага маълум оддий гап: ўрмонда қайси ҳайвон кучли бўлса, иложининг борича…

Read More...

«Эр - подшоҳ, хотин - вазир…

«Эр - подшоҳ, хотин - вазир…

      Бу кеча ёки олдинги кун айтилган гап эмас. Демак, унга амал қилинса,…

Read More...

Prev
Next
  • 1
  • 2
  • 3

Сўнгги фикр

Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)

Тушга ўхшаган “муҳаббат” Севиб, севилмоқ...

“Муҳаббат” ҳақидаги гап-сўзлар ҳамма тарафимизни ўраб олган: романлар, қўшиқлар, рекламалар ҳамда реал ҳаётимизда. Ҳаммасидан ёмони Бред Питни ўзича яхши кўриб қолган қизалоқ ва ўз эрини жонидан ортиқ севадиган муслима қиз ҳам: “Мана шу ҳақиқий севги”, деб айтиши мумкин. давоми...

Виртуал дунё ҳақиқий дунёнинг кушандаси

Интернет – ҳам яхши, ҳам ёмон нарсадир: кимдир ўз ҳожатини чиқаради, кимдир эса ундан вақтиҳушлик учун фойдаланади. Сиз ҳақиқий ҳаётдан воз кечиб, аслида йўқ бўлган воқеъликка уни алмаштирмоқчи бўласиз. Ўйлаб кўрингчи: сиз буларнинг эвазига нимага эришасиз?  давоми...

Ҳомиладорликнинг 15 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кичкинтойингиз бошида сочлар пайдо бўлди. Териси ҳали жуда нозик бўлиб, ранги пуштидан кўри қизғишга яқинроқ.
Ҳомилани ўраб турган сувлар суткасига 8 – 10 маротаба “янгиланади”! Бу уларни керакли кимёвий моддаларни сақлаган ҳолда (сув, минерал ва органик моддаларнинг нисбати) микроблардан ҳоли бўлишига ёрдам беради.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Сизни Ҳомиладорлик вақтида гормонал ўзгаришлар сабаб хотирангиз ёмонлашганлиги безовта қилиши мумкин. Ҳаттоки энг ақлли, қобилиятли, тартибли ва мулоҳазали аёллар ҳам  кутилмаганда муҳим учрашувларни ёддан чиқарганлигини, фикрини жамлай олмаётганлигини сезадилар. Яхшики, бу ҳолат вақтинчалик бўлиб, тезда ўтиб кетади.
Бундан хавотирга тушиш аҳволингизни янада мураккаблаштиради. Шунинг учун уни табиий ҳисоблаб, ҳазил туйғуси билан ёндошинг. Уйда ва ишда қилишингиз лозим бўлган ишларингизни ёзиб боринг. Бу сизни баъзи ташвишлардан озод қилади.
Ёдингизда бўлсин, сизнинг бу ҳолатингиз бутун ҳомиладорлик даврида (гормонал ўзгаришлар натижасида) ва фарзандингиз туғилганидан сўнг (чарчоқ сабаб)  бир неча ҳафтагача давом этиши мумкин. У фақатгина болангиз туни билан уйғонмай ухлайдиган бўлганида ўтиб кетади.

Ҳомиладорликнинг иккинчи учойлиги аввалида кўпчилик аёлларда гормонал ўзгаришлар натижасида озгина бўғилиш, нафас қисиши кузатилади. Катталашган бачадоннинг диафраграммага босим ўтказиши сабаб чуқур нафас олиш борган сари қийинлашади. Ҳомиладор аёл учун бу табиий ҳол бўлганлиги учун бундан хавотирланиб безовта бўлиш керак эмас.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 9 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Бош мияда унинг бир бўлаги бўлган ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи кичик мия шаклланади. Лимфа тугунларига асос солинади. Буйрак усти безларининг ўрта қавати ривожланади. Машҳур адреналин айнан шу ерда ишлаб чиқарилади. Ўпкада бронхларнинг ибтидоси бўлиб калта найчалар пайдо бўлади. Аёл жинсининг тухумдонлари фаркланади. Кичкинтойингизнинг юзи маълум шаклга эга бўлди. Оёқ - қўллар жадал шаклланади: суяклар мустаҳкамланиб, бўғимлар ажралади, шунингдек, қўл ва оёқ бармоқлари билинади. Бу ҳафтада биринчи мустақил ҳаракат бўлиши мумкин, лекин сиз буни сезмайсиз.
Бола ҳали жуда ҳам кичкина: унинг узунлиги 13 – 15 мм бўлиб оғирлиги атиги 1 г. чиқади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ҳомиладорликнинг 9 - ҳафтаси она ва бола орасидаги алоқани синовчи муддатдир. Биринчи уч ойликдаги ҳомила тушишининг аксари айнан шу ҳафтага тўғри келади.
Нима учун шундай бўлади? 7 - ҳафтада сариқ танача етарлича “ишлаётган” бўлса, 9 - ҳафтага келиб у сўна бошлайди ва прогестерон, эстроген гормонларини камроқ ажратади. Бу гормонлар эса ҳозирда   ҳомила ривожида асосий рол ўйнайди. Эндиликда ҳомиланинг қанчалар “етуклиги” ва янги вазифаларни бажаришга тайёрлиги муҳимдир. Агар олдинги ҳафталарда унинг ривожи қониқарли даражада бўлса, гормон миқдорининг камайиши жуда оз бўлиб, организмингиз буни осон енгиб ўтади. Ҳомила шаклланишида камчиликлар рўй берган бўлса у ўз муддатида янги вазифаларни бажара олмайди. Ҳомила нормал ривожданмайди. Бу эса ҳомиланинг нобуд бўлишига олиб келади.
Агар қалқонсимон безнинг ишида муаммолар бўлса 8 – 9 ҳафталикда эндокринолог кўригидан ўтиш лозим. Қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, табиийки ҳомиланинг ривожида салбий таъсир кўрсатади. Аёлдаги касаллик даражасига қараб болада қалқонсимон безнинг гипо- ёки гиперфункцияси кузатилиши мумкин. Бундай асоратларга йўл қўймаслик учун вақтида даволаниш керак.

Ишлайдиган бўлсангиз меҳнат таътили олиб,  уни ўзингиз ва бўлажак фарзандингиз учун сарфлашнинг айни вақти. Кўпроқ тоза ҳавода сайр этинг, ортиқча оғирлик ва зарарли таъсирлардан ўзингизни асранг.
Иложи борича компьютерда камроқ ўтиринг. Ундан чиқадиган зарарли нурлар ҳомиладорларга салбий таъсир этиши кузатилган.
Ҳомиладор аёлнинг яқинлари ва қариндошлари,  асосийси оила аъзолари  бўлажак онага ғамҳўрлик қилишлари, тинч ва осойишта шароит яратиб беришлари лозим. Қаттиқ ҳаяжонланиш ва асабийлашишлардан узоқроқ бўлгани маъқул.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 14 – ҳафтаси

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Барча  асосий аъзолар шаклланиб бўлди. Энди улар ўсиб мукаммалашади. Барча тизимлар худди катта одамларникидек ишлай бошлади.
Жигар яқингача қон ишлаб чиқарарди, ҳозир ҳазм қилиў тизимида ўз ўрнига эга.
Ошқозон, ўт қопи, ичаклар ушоқдек организмда астойдил ўз вазифасини бажаришга киришди.
Ҳомиланинг узунлиги эндиликда – 12,5 см.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ҳомиладорликнинг тўртинчи ойида бўлғуси она қуйидаги текширувлардан ўтади:

* тана вазни ва қон босими ўлчанади;
* пешоб таҳлилида қанд ва оқсил миқдори аниқланади;
* ҳомиланинг юрак уриши текширилади;
* бачадон катталиги ўлчанади;
* қўл ва оёқдаги шиш, қон томир кенгайишлари бор йўқлиги аниқланади;
* ҳомиладорни нималар  безовта қилаётгани сўралади.

Бурун оқиши ва ундан қон кетиши қондаги эстроген ва прогестнрон гормонларининг кўпайиши билан боғлиқ.
Бурун шиллиқ қаватининг яллиғланиши ва қон кетиши одатда қишда кузатилади. Ҳомиладорликдаги бу ҳолатни енгиллатиш учун бурунга вазелин суриш, врач маслаҳати билан қўшимча 250 мг витамин С қабул қилиш керак.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 8 – ҳафтаси

 БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Юрак шаклланишида “сайқаллаш” ишлари   кетмоқда. Унинг катта қон томирлари билан алоқаси яхшиланмоқда. Ошқозон ўз ўрнига - қорин бўшлиғига жойлашди.
Сўлак безларига асос солинди. Суяк ва ҳаттоки бўғимлар ҳам ривожланишни бошлади. Юқори лабнинг шаклланиш жараёни кетмоқда. Агар бўлғуси фарзандингиз ўғил бўлса, айнан шу ҳафтада унинг мояги шаклланади. Кичкинтойнинг бўйи 8 – 11 мм га етиб қолди.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Врач – гинеколог ҳузурида сизга туғилажак болангизнинг наслий касалликлар билан туғилиш хавфини текшириш учун генетик консультациядан ўтишингизни маслаҳат беришлари мумкин. Шунингдек сизга барча керакли таҳлилларни топшириб  мутахассис – врач кўригидан ўтиш  лозимлиги айтилади.

Ҳомиладорликнинг бошланғич давридаги кўнгил айниши сақланиб қолиб, ҳаттоки кучайиши ҳам мумкин. Шунинг учун уни камайтириш йўлидаги тавсияларга қулоқ тутинг.

ТОКСИКОЗНИ КАМАЙТИРИШНИНГ ХАЛҚОНА УСУЛЛАРИ

Кўнгил айниши  -  ҳомиладорликнинг оғиздан оғизга ўтиб келаётган аломатларидан биридир. Токсикоз кўпчилик ҳомиладор аёллар дуч келадиган ҳолатдир. Лекин озчилик уни енгиб ўтади. Аёллар маслаҳатхонасидаги ҳар қандай врач ҳам дориларсиз токсикозга бас келиш йўлини  айтиб беролмайди. Шунга қарамай бундай усуллар мавжуд.

Ҳомиладорликнинг илк ойдаридаги кўнгил айниши шунчалар одат тусига кириб қолганлигидан ҳайз келмаслиги каби  бўлиши лозим бўлган белгилар қаторига кириб қолган.  Гоҳида шундай мулоҳазаларни ҳам эшитамиз: “ Мен 9 ҳафталик ҳомиладорман ва умуман кўнглим айнимаяпти, бундан жуда  безовтаман. Балки бирор камчилик борми деб қўрқаман. Эшитишимча, агар токсикоз бўлмаса, кичкинтойнинг ўсишида бирор нуқсон бор”.

Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, токсикозга нотўғри ҳаёт тарзимиз айбдор. Қизғин иш суръати, ёмон  экология ва нотўғри озқланиш шулар жумласидандир. Қишлоқда яшайдиган, доимо тоза ҳавода бўладиган аёллар биз шаҳарликларга нисбатан бу кўнгилсизликдан камроқ азият чекишади.
Агар ҳомиладор аёлнинг ишдан кетиб дала ҳовлида яшашга, табиий маҳсулотлардан истеъмол қилиб, тоза ҳавода сайр қилиш имкони бўлса албатта  бу жуда яхши. Лекин ҳаммамиз биламизки, бундай фаровонликни ҳамма ҳам ўзига муносиб кўролмайди.  Хўш, қолганлар нима қилиши мумкин?

Қуйида ўзингизга мос келадиганини танлаб олишингиз мумкин бўлган халқона усулларни бериб ўтамиз.

* Кунига ҳеч бўлмаганда ярим соат сайр қилинг.

*Эрталаб ўрнингиздан турмасингиздан олдин бир – икки дона ёнғоқ ёки печенье еб олинг.

* Нонушта ва тушликда ўзингизни мажбурлаб кўп еманг. Яхшиси ҳар икки соатда озгинадан бирор нарса (бир бўлак пишлоқ, олма, печенье) истеъмол қилинг. Ишга борадиган бўлсангиз, сумкачангизда енгил егулик бўлсин.

* Оқсилга бой маҳсулотлардан (ловия, донли, ёнғоқ, писта, балиқ, гўшт, сут) кўпроқ истеъмол қилинг.     Сут ва сут маҳсулотлари бундан ташқари яна кальцийга жуда бой. Улар болангизга ҳужайраларининг  қурилиши учун жуда зарур. Агар кўп нарса ея олмасангиз оз ва соз енг, фақатгина энг фойдалиларини истеъмол қилишга ҳаракат қилинг.

* Мандарин ё лимоннинг бир дона бўлакчасини сўриб кўринг. Баъзиларга нордон таъм ёрдам беради, баъзиларга эса аксинча таъсир этиб кўнгил айнишини кучайтиради. ўз организмингизга қулоқ солинг.

* Гоҳида шўртангина қаттиқ нон, нимтатир қилиб тузланган бодринг, тузланган карам ҳам ёрдам бериши мумкин.

* Овқатланиб бўлгач шошилманг, бир оз ўтиринг.

* Айримларга ҳомиладорларга мўлжалланган витаминларни қабул қилиш фойда беради.

* Эрталаб ўрнингиздан турмасдан бир чой қошиқ асални бир пиёла сув билан ичиб олинг.

* Баъзиларга минерал сув ёрдам беради. Агар у сизнинг кўнгил айнишингизни енгиллаштирса, доим ёнингизда олиб юринг.

* Ялпиз – кенг қўлланиладиган восита. Ялпизли чой, ялпизли сақич ёки ялпизли шимадиган конфетлардан фойдаланиш мумкин. Охирги иккитаси жамоат жойларида кўнгил айнишини тезда бартараф этиш учун жуда қулай.

* Ниҳоят, кўнгил айнишига қарши медицина усуллари билан курашиш (врач ёзиб берганда)  қуйидагилар:  церукал, спленин, витамин С билан глюкоза, Эссенциале фортэ, Полифепан. Ёдингизда бўлсин, ушбу воситаларни ўзбошимчалик билан қабул қилманг.

Токсикоз билан курашда сизда омад тилаймиз. Ишонинг – бу албатта тезда ўтиб кетади!

ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАРДА ТОМИРЛАР КЕНГАЙИШИ

Ҳомиладор аёлларда қон томирлар кенгайишга мойил бўлади. Бунга бир нечта омиллар сабаб:

* бачадон қон томирлари босимининг сон томирлари тарафига ортиши;
* оёқ қон томирларига босимнинг кўпайиши;
* қон миқдори, айланмасининг ортиши.

Шу билан бирга томирлар ўзгаришининг қуйидагича белгилари кузатилади:
* кучли ёки енгил оғриқ;
* ловуллаб ачишиш;
* оғирликни ҳис қилиш;
* тиззадан тос томонга қараб кетган кўк томирчаларни кўриш мумкин;
* оғир ҳолатларда тери остидан томирлар аниқ кўриниб туради, шишган, қуруқ ва сезувчан бўлиб қолади.
Ҳомиладорлик давридаги томирлар кенгайишини олдини олса ёки зарарсиз даражага олиб келса  бўлади. Бунинг учун оёқларга тушадиган кераксиз  босимга йўл қўймаслик лозим. Вазнингизни ҳаддан зиёд оширманг. Узоқ вақт бир ерда турманг ва узоқ ўтириб қолманг. Ўтирганингизда, оёғингизни узатиб ўтиринг. Ётган чоғингизда эса оёғингиз остига ёстиқча қўйиб олинг. Зинҳор оғир нарсаларни кўтарманг. Эрталаб турган заҳотингиз чўзилувчан пайпоқ кийиб олинг. Уларни фақатгина кечқурун ётиш олдидан ечинг. Ҳаракатингизни чегараловчи кийимларни кийманг: кенг белбоғ, боғичли пайпоқ ва тор оёқ кийими. Тамаки чакманг. Тамаки ва қон томирларининг варикоз кенгайиши орасида боғлиқлик борлиги аниқланган. Томирларни эластиклигини таъминловчи витамин С ни ўз вақтида қабул қилинг.
Ҳомиладорлик даврида томирни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш тавсия этилмайди. Уни туғруқдан сўнг бир неча ой ўтгач қилиш мумкин. Энг яхши ҳолатда эса бу муаммо  туғруқдан сўнг - ҳомиладорликкача бўлган аввалги вазнга қайтганданингизда ўз ўзидан ҳал бўлиб йўқолиб кетади.
Ҳомиладорлик сабаб овқат ҳазм қилиш тизимида ўзгаришлар бўлиши мумин. Организмингиз прогестерон ва эстроген гормонини кўп миқдорда ишлаб чиқарганлиги сабаб ҳазм қилиш тизимидаги мускуллар бўшашади. Натижада овқат секин ҳазм бўлади ва ҳазм қилиш тизимининг бузилишига олиб келади. Бу сиз учун ёқимсиз бўлса ҳам болангиз учун жуда фойдали. Ичаклар фойдали моддаларни тўлалигича олиб қонга, сўнгра эса ҳомилага етказади.

ҲОМИЛАДОРЛИК ДАВРИДА ТОПШИРИЛАДИГАН ТАҲЛИЛЛАР

Ҳомиладорликнинг энг биринчи  ва энг асосий белгиси - ҳайзнинг вақтида келмаслиги. Бунда аввало ҳомиладорлик тестини қўллаб кўриш лозим. Тест қоғозчасини бир неча дақиқага эрталабки пешобга ботириб олинади. Эрталабкига ботирилишининг сабаби, у  “ҳомиладорлик гормонига”  кўпроқ тўйинган бўлади. Озгина вақтдан сўнг кўринадиган чизиқчалар сонига қараб аёл ҳомиладорми, йўқми билиб олса бўлади. Иккита чизиқча ҳомиладорлигини, биттаси эса аксинча, ҳомиладор эмаслигини билдиради. Агар тест ҳомиладорликни инкор қилсаю, ҳайз келмаётган бўлса, томирдан қон топшириш йўли орқали ҳомиладорлик гормонини аниқласа бўлади. Бу усул энг ишонарли бўлиб, у  орқали ҳомиладорликни илк давридаёҚ   аниқлаш мумкин. Истаган диагностика марказида қон топшириб кўришингиз  имконияти мавжуд.

Кўпчилик аёллар ҳомиладорликни аниқлаш учун бачадонни ультротовуш текширувидан ўтказишади. Лекин аксари врачлар ҳомиладорликнинг эрта даврида бу текширувдан ўтмасликни тавсия этадилар. Чунки унинг бола организмига зарали таъсири бор йўқлиги охиригача ўрганилмаган. Агар ҳомиладорлик муаммосиз, яхши кечаётган бўлса биринчи биринчи УТТ (УЗИ) 12 – 14 ҳафтада ўтказиш мақсадга мувофиқ бЎлади. Бунда врач ҳомиланинг қаерга ёпишиб бирикканлигини, унинг ўлчамини, ҳомиладорлик муддатини ва бошҚа каракли маълумотларни аниқлайди.
Ҳомиладорлик аниқланганидан сўнг аёл яшаш жойидаги аёллар консультациясига ёки хусусий ҳомиладорларга ихтисолаштирилган медицина марказига    рўйхатга туради. Рўйхатга олиш вақтида врач топширилиши лозим бўлган бир қанча таҳлилларни ёзиб беради. Одатда улар: ОИТС, заҳм, гепатит, қон гуруҳини аниқлашга, умумий ва биохимик қон таҳлили учун қон топширилади, сийдик таҳлили ва қиндан суртма олинади. Агар аёлнинг қон резус фактори салбий бўлиб, эриники ижобий бўлса, у ҳолда ҳар икки ҳафтада антителага қон таҳлили топшириш зарур бўлади.

Булардан ташқари ҳомиладор аёл қуйидаги мутахассислар кўригидан ўтиши лозим: терапевт, окулист, отоларинголог, стоматолог ва электрокардиограмма (ЭКГ) қилдиради.
Гинеколог ҳузурига ҳомиладорлар ҳар ойда бир маротаба борадилар. Ҳар кўрик олдидан сийдик таҳлили топширилади. Унга кўра гинеколог буйраклар ишини назорат қилиб боради.
14 – 18 ҳафталик муддатда гинеколог сизга альфа- фетопротеин миқдорини аниқлаш учун қон топширишингизни айтади. Бу таҳлил Даун синдроми, орқа мия шаклланишидаги камчиликларни ва бошқа нуқсонлар бўлса, уларни аниқлаш учун ўтказилади.   Лекин бу мажбурий таҳлил эмас. У 35 ёшдан ошган ҳомиладорларга, оиласида шунга ўхшаш касалликлар бўлган аёлларга уни топшириш зарурдир. 
Ҳомиладорликнинг 24 – 26 ҳафтасида иккинчи бор режали УТТ (УЗИ) дан ўтилади. Унда врач кичкинтой танасининг тузилишини кўриб чиқади, ички аъзоларда туғма нуқсонлар бор йўқлигини текширади, бола жинсини аниқлайди, ҳомилани ўраб турадиган сувнинг миқдори ва сифатини аниқлайди. Шу муддатда яна қондаги гемоглобин миқдорини текшириш учун, шу билан бирга анемияни бор йўқлигини билиш мақсадида қон топширилади.
30 - ҳафтадан сўнг ҳомиладор гинеколог ҳузурига ҳар икки ҳафтада боради. Шу вақтда унга алмашув варақаси берилади. Бу варақага барча  таҳлиллар ва текширувлар натижаси ёзилади.
32 - ҳафтадан сўнг ҳомиладор аёл ишлайдиган бўлса декрет таътили берилади.
33 – 34 ҳафталик муддатда допплерография текшируви ўтказилади. У бачадон қон томирларидаги қон оқиш тезлигини, йўлдош ва асосий томирларни текширади. Бу худди УТТ каби ўтказилади, лекин ундан фарқли томони шундаки, бу текширув орқали боланинг кислород ва керакли моддаларни етарлича олаётибтими ёки йўқми аниқласа бўлади.
Ҳомиладорликнинг 35 – 36 ҳафталик муддатида такроран ОИТС, заҳм, биохимик таҳлил учун қон топширилади, қиндан суртма олинади. Охирги УТТ ўтказилади. Унинг ёрдамида врач ҳомиланинг ҳолатини, бўйи ва оғирлигини, бачадонда жойлашишини, ҳомилани ўраб турган сувнинг миқдори ва сифатини аниқлайди. Агар ҳаммаси меъёрида бўлса, ҳомиладор аёл хотиржам туғруқ кунини кутиши мумкин. 
Агар таҳлил ва текширув натижаларига кўра бола ёки ҳомиладорнинг аҳволида бирор  нохушлик аниқланса, унда аёл алоҳида махсус назоратга олинади. Қўшимча дорилар бериб йўлдош орқали қон айланишини яхшилайдилар, бир – икки ҳафта ўтгач  Қайта Ўтказиш УТТ (УЗИ) белгиланади.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 13 - ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

20 та тиш шаклланиб бўлди. Ошқозон ости бези инсулин ишлаб чиқара бошлади. Эркак жинсидаги ҳомилада простата бези ривожланяпти. Аёл жинсида эса жинсий ҳужайралар (овогонин) жадал равишда кўпайиб бормоқда.
Ривожланиш самарали илгарилаяпти. Кичкинтойингиз жигари сафро ишлаб чиқармоқда. Келажакда у ёғларни ҳазм қилиш учун керак бўлади. Ичак ҳам ўз фаолиятини бошлаш арафасида. Шу ҳафтадан унда қисқаришлар пайдо бўлади. Айнан шундай қисқаришлар натижасида ютиоган таом тўғри йўналишда ҳаракат қилади.
Бош мия шаклланишда давом этмоқда. Ҳозирда у жуда кичик кўринишдаги катталар миясига жуда ўхшаш. Кичкинтойингизнинг оғирлиги тахминан 10 – 25 гр бўлиб, умумий узунлиги 10 см ча чиқади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Иккинчи учойликнинг боши одатда хотиржамлик ва оромбахш давр ҳисобланади. Эрта токсикознинг нохуш аломатлари йўқолди. Энди организмингиз янги ҳолатга мослашди. Сиз яна ўзингизни қулай, хотиржам ҳис қила бошладингиз.
Ҳомиладорликнинг 13 – 16 - ҳафтаси оналик “босқичларининг” энг тинч даври ҳисобланади. Ўзингизни кучга тўлгандек ҳис этиб, яна аввалгидек кундалик ишларингиз билан шуғулланишни истайсиз. Агар касаллик ва асоратлар кузатилмаса жисмоний фаоллик мумкинэмас, балки жуда зарур ҳам. Ҳозирча ҳаёт тарзингизни ўзгартирмай ишлашингиз мумкин.

Юриш сиз учун жуда фойдали. Юрганда ҳам икки соатча тўхтамай юриш. Агар чарчаб қолсангиз, ўтириб дам олишингиз мумкин. Ётишдан олдин ҳам кечки сайр учун ярим соат вақт ажратсангиз  жуда яхши иш қилган бўласиз.
Одатда 12 – 14 ҳафталик муддатда ҳомиладорларни биринчи ультратовуш текширувига (УЗИ) юборишади. Бу муддатдаги УТТ дан мақсад - ҳомиланинг жойлашишини аниқлаш, туғиш муддатини аниқлаш.

УТТ ҚАЧОН ВА НИМА УЧУН ҚИЛИНАДИ?

Ультратовуш текшируви медицинада янги кашф этилган текширув усуслларидан бири. Биринчи УТТ 1956 йилдагина ўтказилган бўлиб, акушерство ва гинекология соҳасида у ўтган асрнинг 60 – йилларидан бошлаб қўлланилмоқда.
Эндиликда ультратовуш текшируви акушерлик ва гинеколкгияда етакчи усуллардан бири ҳисобланади. Бунга бир қатор сабаблар бор:

* УТТ кичик тос органларининг ўлчами, шакли ва жойлашиши ҳақида тўлалигича маълумот беради.

* Текширув жуда қулай бўлиб, ҳеч қандай тайёрганликни талаб қилмайди.

* УТТ ҳаммабоп.

* Ультротовуш тирик  тўқималар учун хавфсиз.

* Текширув оғриқсиз бўлиб, ёқимсиз ҳислардан ҳоли.

* УТ- текшируви реал вақт тартибида ўтказилади. Бу шароит бир қанча имтиёзларни беради.

Ҳомиладорликда УТТ керакми?

УТТ нинг акушерстводаги аҳамияти беқиёсдир. Унгача ҳомиланинг аниқ катталигини, ҳомиладорлик муддатини белгилаш, йўлдошнинг тузилишини ўрганиш, туғма нуқсонларни аниқлаш мумкин бўлмаган. Баъзан туғма нуқсонларни аниқлаш мақсадида ҳомиладор аёл рентгенга туширилган. Лекин барча аёлларнинг бундай теширувдан ўтиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Сабаби бу текширув ҳомилага зарарли таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори.
Гоҳида шундай савол туғтлади: соғлом кишилар УТТ га бормайди, шундай экан меъёрида яхши кечаётган ҳомиладорликда унга бориш шартми? Саволнинг жавоби битта: албатта керак, шарт. Аввало сабабларидан бири, ҳар қандай касалликнинг олдини олган афзал, айниқса акушерликда. Ахир ҳомила ўзи врачга бориб: “Охирги пайтда негадир ўзимни ёмон ҳис қиляпман...”, деёлмайдику.

Ҳомиладорликнинг яхши кечишида УТТ нинг кераклигини бир нечта далили:

* Ҳомила ривожидаги туғма нуқсонлар 90 % ҳолатда соғлом ота – оналарда кузатилади. Бундай нуқсонлар фақатгина профилактика мақсадида УТТ кўригидан ўтганда кўринади;

* Ташқаридан қараганда соғлом кечаётган ҳомиладорликда  анчагина  нуқсон бўлиши мумкин;

* Клиник текшурувда (қўл билан пайпаслаб кўрганда) биттидан ортиқ ҳомилани аниқ белгилаш мумкин эмас, эгизакларнинг нормал ривожланиши ҳақда гапирмаса ҳам бўлади;

* 50 % аёллар туғруқ вақтини аниқ билишларини таъкидлайдилар. Лекин кўпинча 2 ҳафтадан ортиқ муддатга адашишади. Агар вақтидан илгари туғруқ хавфи рўй берса, 34 ҳафталик ҳомила муддати билан 36 ҳафталик  ҳомила муддатига врачлар турлича йўл тутадилар.

Ультро товуш текширувидан қачон ўтиш керак?

Ҳомиладорлик да УТТ га илк бор қачон борган яхшироқ? 15 ҳафтагача бўлган муддатда борган маъқул. Айнан шу даврда қуйидагилар аниқланади:

* Ҳомила борлиги кўринади;
* Тухум ҳужайранинг бачадонда ёки бачадондан ташқарида жойлашганлиги аниқланади;

* Ҳомиладорлик муддати аниқ белгиланади;

* 2 тадан ортиқ ҳомила аниқланади;

* Ёлғон ҳомиладорлик билинади.

Ҳомиладорликдаги кейинги УТТ одатда Ҳомиладорликнинг 18 – 22 ҳафталарига белгиланади. Унда қуйидагилар:

* ҳомиланинг туғма нуқсонлари аниқланади.айнан шу вақтда уларни аниқлаш муҳим. Чунки, бу муддатда ҳозирча ҳомилани олдириш мумкин;

* йўлдошнинг жойлашган ўрни аниқланади.

Ҳомиладорликдаги навбатдаги УТТ кўпинча 32 – 34 ҳафталик муддатларга белгиланади. Бу текширувда:

* ҳомила ривожидаги бирор касаллик аломатлари бор йўқлиги аниқланади;

*  йўлдошнинг ва ҳомиланинг жойлашиши кўрилади;

* ҳомилани ўраб турган сув миқдори ва сифати текширилади.

Бу текширувларнинг энг оддийси бўлиб, у бутунлай физиологик соғлом кечаётган ҳомила учундир. У ёки бу камчиликлар кўринганида УТТ яна ҳам чуқурроқ олиб борилади.
Булардан ташқари ҳомилани кардиотокография ва доплерография усуллари билан ҳам текширишни зарур бўлганда врачлар таклиф этишлари мумкин.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 7 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кичкинтой ўсиб катта бўлмоқда. Ҳозирда унинг узунлиги 6 – 9 мм. Жигар қон айланишининг марказига  айланди. Қизилўнгач, нафас олиш йўллари, қорин олд  деворчаси ривожланади. Ингичка ичак ва кўкрак қафаси шакллана бошлайди. Оғир вазиятларда инсонга ёрдам берадиган энг муҳим без – буйрак усти безларининг устки қатламига асос солинади.  Бош мия жадаллик билан ривожланади. Юз маълум бир шаклга эга бўлади, лекин кўзлар ҳали ён тарафда жойлашган  ва қаттиқ юмуқ ҳолатда бўлади. Оёқ ва қўллар аниқ кўринади. Юрак ҳомила танаси бўйлаб қон ҳайдай бошлайди. Умумий қилиб айтганда, марказий нарв системаси юзага келди. Суяк ҳужайралари ривожлана бошлади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кўпчилик аёллар ҳомиладорликнинг иккинчи ойида жисмоний ва руҳий ўзгаришларни кузатишади:

* кўнгил айниш, қайт қилиш, сўлак оқиши;
* қабзият;
* жиғилдон қайнаши, овқат ҳазм қилиш жараёнининг бузилиши, ошқозондаги оғирлик;
* кўкрак безларининг ўзгариши: улар катталашиб, оғирлашиб, таранглашиб қолган, сўрғич учининг ранги қорайган;
* доимий бош оғриғи;
* ҳушсизлик ва доимий бош айланиши;
* кайфиятнинг беқарор бўлиши, жаҳлдор, йиғлоқи бўлиб қолиш
* хавотир, қўрқув,  тез хурсанд бўлиш.

2 – ойдаги лаборатор текширувлар:

1. Қиндан суртма олинади.
2. ВИЧ ва захм касалликларини текшируви учун  қон таҳлили.  
3. Қон ва пешобнинг умумий таҳлили.
4. ХГ гормонини аниқлашга пешоб топширилади: бу гормон орқали ҳомиладорликнинг кечиши аниқланади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳомиладорликнинг илк ҳафталаридаги тавсияларга амал қилинг. Агар ҳали ҳам чекишни ташламаган бўлсангиз, тезда бундай зарарли одатдан воз кечинг.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 12 –ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кичкинтойингизнинг оғирлиги 13 – 14 грамм, умумий узунлиги эса 9 см га етди!
Қўл панжаларини оёқ панжаларидан фарқласа бўлади, тирноқлар кўриниб қолди. Мускуллар ривожланаётганлиги учун ҳомила кўпроқ ҳаракат қилмоқда. У бармоқларини йиғиб мушт қилиши мумкин. Оғиз мускуллари ишга тушмоқда: лабларини қимирлатади, оғзи очилиб ёпилади. У атрофини ўраб турган суюқликни сўриши, ютиши мумкин. Терида соч, ёғ ва тирноқ асослари пайдо бўлади.
Қалқонсимон без шаклланиб бўлиб, ишга тушди. Бу без гормонлари модда алмашинувини назорат қилади ва ҳомила ўсишини, марказий асаб тизимини меъёрида ишлашига ёрдам беради. Қалқонсимон без етишмовчилигида модда алмашинуви яхши бўлмаганлиги учун ўсишдан орқада қолади.

Ҳомиланинг боши танасига нисбатан катта бўлиб оёқ - қўллари жуда кичкина бўлса ҳам у одам шаклига кириб қолган. Ички аъзолар шаклланиб, баъзилари ишга тушганлиги учун энди ҳомила инфекция ва дориларга камроқ таъсирчан бўлади. Қон айланиш ва сийдик чиқариш тизими ишга тушган. Ҳомила энди сийдик ажратиши мумкин ( бу қўрқинчли эмас – у катталарникига ўхшамайди ). Жигар сафро ишлаб чиқара бошлайди. Жинсий аъзолар ривожланиб бўлган бўлса ҳам жинсни аниқлаш мушкул.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Агар эрта токсикоздан азият чекаётган бўлсангиз бу ҳафтани сабрсизлик билан кутган бўлсангиз керак. Ниҳоят тонгги кўнгил айнишлар орқада қолди. Гормонал ўзгариш сабаб юзага келган таъсирчанлтк ва жаҳлдорлик сақланиб қолса ҳам камайганлигини сезасиз.
Афсуски, баъзи ҳомиладор аёлларда кўнгил айниши давом этиши мумкин. Айниқса агар эгизакларни кутаётган бўлсангиз. Кўнгил айниши қолмаса бу ҳақида врачингиз билан маслаҳатлашинг.
Ҳомиладорликнинг 9 – 12 ҳафталик муддатида ўзингизга эътиборлироқ бўлинг.

Ёдингизда бўлсин: нормал ҳомиладорлик оғриқ билан ўтмайди.

Қуйидаги ҳолатларда эҳтиёт бўлинг:

* қорин ости ва белдаги давомли оғриқларда;
* тўғри ичакка босим сезилса;
* қиндан кўп миқдорда шилимшиқ модда  ажралса.

Ушбу белгилардан бирортасини сезсангиз дарҳол юрмасдан ётинг. Мускулларни “тинчлантирувчи” ва тарангликни кетказувчи 2 та таблетка но – шпа ёки магне В6 дориларини ичишингиз мумкин.  2 – 3 соат ичида оғриқ ўтиб кетмаса врачга мурожаат этинг. Бундай давомли оғриқ ҳомила учун хавфли бўлиб, уни нобуд бўлишигача олиб келиши мумкин.
Қонли ажралмалар пайдо бўлганда  дарҳол врачга боринг. Бу босқичда ҳомилани сақлаб қолиш эҳтимоли юқори.
Ҳар ҳафтада вазнингиз 0,5 кг.га ортиши керак.
Бунинг учун юқори калорияли овқатларни енг ёки тез – тез овқатланинг. Чипс, гамбургер, бутербродлар билан қорнингизни тўйдиришга ҳаракат қилманг. Улар фарзандингиз учун ҳеч қандай фойда бермайди.
Айрим аёллар ҳомиладор аёл кўп ейиши керак деб биринчи уч ойликда керагидан ортиқча вазн тўплаб олишади. Ортиқча вазн ҳомиладорликни ва туғруқни яхши кечишига тўсқинлик қилади ва туғруқдан сўнг аввалги ҳолатингизга қайтишингиз қийин кечади.

УЧОЙЛИКЛАРДА ЎЗИГА ХОС ТАОМЛАНИШ

Кундалик овқатланиш рационини тузганда одат ва анъаналарни, аёлнинг шахс хусусияти, у яшайдиган иқлим шароитини ҳисобга олиш лозим. Ҳомиладорлик муддати ҳам аҳамиятга эга.
Ҳомиладорликнинг биринчи ярмида организм янги ҳолатга мослашади. Эндиликда она нафақат ўзининг хохиш истакларига, балки боласининг талабларига ҳам жавоб бериши керак. Бу даврда кўпроқ мева, шарбат истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Ҳомиладорликнинг аввалида тез тез, озгинадан ейиш тўғри бўлади.
Врачингиз билан мультивитаминлар қабул қилишни маслаҳатлашинг. Биринчи учойликдаги энг зарур витаминлардан бири – фолий кислотаси.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида калорияга бой озуқаларни кўпайтирган маъқул. Туғруққа аёл жисмонан бақувват ҳолатда бориши керак. Шу вақтдан бошлаб кўпроқ ҳаракат қилиш, тоза ҳавода кўп бўлиш жуда фойдали. Буларнинг барчаси эса яхшигина куч ва жисмоний ҳаракат талаб этади. Консерваланган, дудланган, тузланган, ўткир зираворлар, ёғли овқатлар, сосиска ва колбасалардан эҳтиёт бўлинг.

Учинчи учойлик ўрталаридан бошлаб овқтларингиздаги калорияни камайтиринг, хамирли таомларни, ёғли гўштни, қаймоқларни камроқ истеъмол қилинг. Туғишингиздан олдин озгина вазн ташласангиз мускуллар эгилувчанлиги ва қайишқоқлигини оширади. Туғруқ жараёнида ёғ тўқималари эмас, мускуллар асосий ишни бажаради.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 6 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Юрак шаклланиб ура бошлади. Бош мия ва орқа мияга асос солинди. Кўз косаси, қўл ва оёқ асоси пайдо бўла бошлайди. Ҳомила қулоқ супрасини эслатувчи шаклда эга бўлди.  Ички аъзолардан: ичак, жигар, буйрак, сийдик чиқариш йўли асосга эга бўлиб шакллана бошлайди. Жинсий безлар фарқланиб аёл ва эркакникига  ажралади. Мояк ривожланади. Юрак ва мия такомиллашади.  Ҳомиланинг нафас олиши, озиқланиши, ҳимояси ва гормонларни ишлаб чиқарувчи йўлдош жадал ривожлвнади. Ҳомиланинг узунлиги бор йўғи 4 – 6 мм  чиқади. 

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Агар сизни токсикоз қийнаётган бўлса халқона воситаларга мурожаат қилинг. Камроқ, лекин тез – тез енг (кунига 6 – 7 маротаба). Ёнғоқ, писта, донли бўтқа каби оқсилли маҳсулотлар  кўнгил айнишини камайтиради.
Ҳомиладорликнинг аввалги ҳафталарига тегишли бўлган тавсияларни ёдда тутинг.
Ҳомиладорлигингизни билган яқинларингиз тарафидан кўплаб маслаҳат ва огоҳлантиришлар эшитишингиз мумкин. Уларни хайрихоҳлик билан қабул қилинг. Лекин айримлари шунчаки хурофотлигини ҳам ёдингиздан чиқарманг.
Ҳомиладор аёл одатда тасодифлардан эмас, балки эҳтиётсизлиги оқибатида кўнгилсизликларга йўлиқади. Сиз бу хатарлардан  озгина эътибор ва мулоҳаза қилиш билан қочишингиз мумкин.

* Қорин катталашгани сари мувозанатни тутиб юриш қийинлашади. Унинг устига яна оёғингиз остини яхши кўролмайсиз. Буларни бариси сизни зарарланишингизга олиб келади.

* Автомашина ва самолётда доимо хавфсизлик камаридан фойдаланинг.

* Кресло, столга сакраб чиқманг, баланд зинапоялардан фойдаланманг.

* Баланд пошнада, мустаҳкам ёки умуман тақилмайдиган, ноқулай  оёқ кийимда юриш умуман мумкин эмас. Сирпанчиқ  полда юрманг.

* Ваннага кираётганингизда ва чиқишда жуда диққатли бўлинг. Оёғингиз сирпанмаслигига ва ушлаб турадиган тутқичларга  эътибор қилинг.

*   Уйингиздаги барча хавфларни ҳисобга олиб чиқинг: сирпанчиқ пол, тикка зина, оёқ остидаги кераксиз нарсалар, яхши ёритилмаган зинапоя, ерда чўзилиб ётган кабел симлар, музлаган ер. Бахтсиз ҳодисага чарчаш, толиқиш ҳам сабаб бўлади.

Маълумки, ҳомиладорлик даврида одатий бўлган таъмлар ўзгаради. Баъзилар фақатгина маълум бир озуқани истеъмол қиладилар, бошқалар эса  ҳамма нарсани еяверадилар, яна ортиғи билан, қолганларини умуман  овқатга кўнгли тортмайди.
Овқатга бўлган бундай ғалати инжиқликка “қашшоқликка” учраган гормон айбдор. У айниқса ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида авжига чиқади. Лекин овқатга бўлган бундай муносабат ва бошқа ўзгаришларнинг ягона сабабчиси фаҚатгина гормонлар эмас.

Агар ўзингиз ва болангиз учун фойдали бўлган бирор нарсани егингиз келса албатта уни енг. Агар ейишингиз мумкин бўлмаган нарсалардан егингиз келса унинг ўрнини босувчи, сизнинг истагингизни қондириб, болага зарар келтирмайдиганларини излаб кўринг.
Бундай ўрин босарлар сизни қониқтирмаса унда чалғитувчи нарсалар билан шуғулланинг. Агар кутилмаганда кофе, алкогол, шоколадли музқаймоқ, крем ва шунга ўхшаганлардан жиркансангиз – бу жуда яхши.
Балиқ, сут каби истеъмоли зарур бўлган озуқалардан воз кечсангиз, уларни ўрнини тўлдирувчи маҳсулотларга алмаштиринг.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 11 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ҳомила эндиликда ўз - ўзидан бўладиган ҳаракатларга қўшимча равишда ташқи олам таъсирига жавоб ҳаракатини беради. Кафтлари сезувчан бўлиб, ушлаш реакцияси ривожланади. Ҳидларни ажрата бошлайди. Ҳомила бу даврда онаси қабул қилаётган таомларнинг ҳидини сезади.
Юрак - қон томир тизимининг шаклланиши ниҳоясига етмоқда. Буйрак ҳомиладорликнинг 11 – 12 - ҳафтасидан ишга тушади.
Кўзнинг мукаллашуви ниҳоясига етиб бормоқда, лекин у ҳали кичкинагина қовоқчалар билан ёпилиб турибди. Бурун, қулоқ, лаблар табиатан инсонга  берилган “қолипга” эга бўлди. Энг асосийси - оғиз ва овқат ҳазм қилиш тизими шаклланиб бўлди. Энди болангиз ютиниши мумкин. Бош миянинг иккала ярим шари ривожланиши ниҳоясига етиб мияча шаклланяпти.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Соғлом ҳаёт тарзига алоҳида эътибор беринг. Айниқса алкогол, никотин, кимёвий моддалар ҳомила учун жуда хавфлидир. 9 – 11 ҳафталик муддатда бу моддалар мия ривожи порокига олиб келиши мумкин.

Сизни қуйидагилар безовта қилиши мумкин:

* тез толиқиш, серуйқулик;
* тез – тез ҳожатга бориш;
* кўнгил айниши, қайт қилиш ва сўлак оқиши;
* ич қотиши;
* жиғилдон қайнаши, овқат ҳазм бўлмаслиги, ошқозондаги оғирлик;
* таомга кўнгли тортмаслик;
* кўкрак безидаги ўзгаришлар: тўлишиши, қаттиқлишиши, оғирлашиши, сўрғич атрофининг ранги қорайиши;
* қорин ва оёқдаги қон томирларининг кенгайиши;
* бош оғриўи;
* ўта таъсирчанлик, тезда кайфиятнтнг ўзгариши, жиззакилик, тез аччиқланиш, тажанглик, йиғлоқилик.

Ҳолатингизни яхшилаш учун ҳозирданоқ ҳомиладорлар учун мўлжалланган машқларни бажаришга киришинг. У қоматингизни чиройли ҳолатда сақлашга, туғруққа яхшироқ тайёргарлик кўришингизга, туғруқдан кейин қайта тикланишингизни осонлаштиради.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 5 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ҳомиланинг узунлиги 1,5 – 2,5 мм бўлиб шакли цилиндрга ўхшашдир. У ўзига керакли озуқани онасининг қонидан олади.  Ҳужайралардан тез орада тўқима ва аъзолар ҳосил бўлади. Секин аста умуртқа суягига айланадиган ёй шакли пайдо бўлади. Биринчи қон томирлари, юрак  шаклланади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ўзингизда янги ўзгаришларни сезишингиз мумкин.  Бош оғриғи, кўп ухлаш, ҳожатга тез – тез бориш, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айнаши ва ҳаттоки қайт қилиш, таъмга бўлган майлнинг ўзгариши (шўр нарсаларни ёқтириш) ва ҳидларга бўлган муносабатнинг ўзгариши (аввал ёқтирганларингиз энди ғашингизга тегиши) мумкин. Бу аломатларнинг сабаби болангиз талабига мувофиқ Сизнинг организмингиздаги гормонал  ўзгаришлар сабабчидир.  Нормал равишда кечаётган ҳомиладорликда бу аломатлар - ҳомиладорликдаги эрта токсикоз – 12 - ҳафтадан сўнг ўтиб кетади.
Шунга қарамай кўпчилик ҳомиладорлар юқорида айтиб ўтилган белгиларнинг бирортасига ҳам эга бўлмаслиги мумкин. Улар биринчи ҳафтани хотиржам ҳолатда халқда бўлғуси оналарнинг   шартли ҳамроҳи бўлган кўнгил айниши ва қусишларсиз ўтказадилар. Шундай қилиб, агар Сиз ушбу “кичкина хурсандчиликлардан” маҳрум бўлсангиз  –  Сизга фақатгина ҳавас қилиш мумкин.
Гоҳида ҳомиладорликнинг аввалги босқичларида  суст қонли ажралмаларни кўриш мумкин. Уларнинг сабаби турлича бўлади ва доим ҳам ваҳимага тушишга  асос бўлмайди.

ЁЛҒОН ВАҲИМА

Ҳомиладорлик вақтида қон кетиши бўлғуси оналарда ваҳима уйғотади. Уларнинг сабаби ва бу ҳолатда ўзини қандай тутиш лозимлиги ҳар бир ҳолат учун алоҳидадир.
Тахминан ҳар бешинчи аёлда ҳомиладорлик даврида қон кетади. Бахтимизга кўпчилик ҳолатларда у бола ва ҳомила учун хавф туғдирмайди. Ундан ташқари врачлар қон кетишини сабабларини ҳомиланинг қайси ойдалигига қараб белгилашади.

БИРИНЧИ УЧОЙЛИК

Кузатув натижаларига кўра қон кетиш ҳолати кўпинча биринчи учойликда бўлади. Бу ҳомиладорликнинг аввалги 14 ҳафтасидир. Биринчи сабаб – бачадон оғзининг шикастланиши. Бу даврда у кучли равишда қон билан таъминлайди ва ўта сезгир бўлади. Спорт билан шуғулланганда ёки жинсий алоқа натижасида қонга тўла томирлар ёрилиши ё шикастланиши мумкин. Бу вазиятда қон кетиши жуда кучсиз, номигагина бўлиб 3 – 6 соатдан сўнг ўтиб кетади. Бунда дарҳол шуғулланаётган ишингизни тўхтатиб ётиш керак ва қалтис ҳолатлардан узоқроқ бўлган маъқул.

Иккинчи сабаб - ҳайз. Тахминан фарзанд кутаётган ҳар 50 – аёлда ҳомиладорликнинг аввалги даврида ҳайз келадиган одатий кунида оз миқдорда қонли ажралмалар келади. Бунинг сабаби нимада? Ҳали врачлар бу саволга жавоб топишгани йўқ. Лекин бундай қон кетиши умуман зарарсиз.

Учинчи сабаб - ҳомиладорлик гормонининг етишмаслиги. Агар тухумдонлар ушбу прогестерон гормонни етарлича ишлаб чиқармаса  бачадон шиллиқ қавати одатий ҳайз давридагидек ажратиб қон кетади. Бу ҳолат кўпинча ҳайз даври номунтазам бўлган бўлғуси оналар ё бепуштликдан даволанган аёлларда кузатилади. Агар таҳлил натижаси гормон етишмаслигини аниқласа у таблетка ёки инъекция орқали юборилади.

Тўртинчи сабаб - ҳомила тушиши. У қорин остида бўладиган ҳайз олди оғриқларини эслатувчи  кучли оғриқ билан кечади.  Биринчи аломатларидаёқ тезда врачга учрашинг. Эҳтимол ҳали ҳомилани сақлаб қолиш мумкиндир.

Ниҳоят биринчи учойликда қон кетишига бешинчи сабаб -  бачадон найчасидаги (бачадондан ташқари)  ҳомила. Ҳомиладорларнинг 1000 тадан биттасида уруғланган тухум бачадонга тушмай, бачадон найчасида туриб қолади. Бунга сабаб тухум йўлидаги чандиқлардир. Улар шамоллаган тухумдонларда кўп учрайди.
Бунга қўшимча равишда бачадондан ташқари ҳомила бўлишини унга қўйиладиган ҳимоя воситалари (спирал) ҳам  бу хавфни оширади.  Аломатлари: қорин остида тўлғоққа ўхшаш жуда кучли оғриқ ва қонли ажралмалар. Агар тезда врачга бормасангиз кўп қон кетиб қолиши мумкин. Касаллик тасдиқланганда – операция.

ИККИНЧИ УЧОЙЛИК

Одатда бу даврда қон кетиши жуда кам учрайди. Кўпинча унинг сабаби ноқулай йиқилиш ёки қорин атрофига зарба тегиши бўлади. Ҳар қандай ҳолатда, ҳаттоки қон кетмаса ҳам врачга учрашинг. Эҳтимол, у сизга бачадон девори ва ҳомила орасида қон қуйилмаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун  ультратовуш текширувидан ўтишингизни тавсия этади.

УЧИНЧИ УЧОЙЛИК

Ҳомиладорликнинг 28 - ҳафтасидан сўнг қон кетиши кўп тарқалган ҳодисадир ва афсуски у бола ва она учун хавфлидир. Ажралмалар аломатини кўришингиз билан дарҳол тез ёрдам чақиринг, улар келгинича эса  энг яхшиси қимирламай ётинг.
Бу даврда қон кетишининг кенг тарқалган сабаблари қуйидагилар:

Биринчи сабаб - йўлдошнинг нотўғри жойлашиши. “Машқ қилаётган” тўлғоқ йўлдошдаги қон томирларини ёрилишига олиб келади ва натижада оғриқсиз қон кета бошлайди.
Туғруқхонада врачлар дори – дармон ёрдамида бачадонни “тинчлантиришга” ҳаракат қиладилар. Агар бунинг иложиси бўлмаса ёки қон кўп кетса операция қилинади.

Иккинчи сабаби - йўлдошнинг эрта кўчиши. Бу жуда кам учрайди. Қорин остидаги кучли оғриқ, таранг ва қаттиқ бачадон, қон кетиши тезда туғрқхонага бориш лозимлигини билдиради.

Бўлғуси оналарга ҳомиладорликнинг қайси ойида бўлишларидан қатъий назар кутилмаганда қон кетганда нима қилишларини эслатиб ўтамиз:
*қонли ажралмаларни сезишингиз билан дарҳол врачга боринг. Гарчи қўрқинчли ҳеч нарса рўй бермаса ҳам  мутахассис сабабини аниқлаб керакли тавсияларни бериши лозим;
*агар қон кетиши 20 – 28 - ҳафта орасида бўлса яхшиси тез ёрдамни чақиринг. Бу ўзингиз касалхонага борганингиздан кўра хавфсизроқ;
*врач келгунича тинчлантирувчи дорилардан бирини (валерианка экстракти) қабул қилинг. Чап ёнбошингиз билан ётиб, оёғингизни баландроқ қилиш учун ёстиқ қўйиб олинг.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 10 – ҳафтаси

 

 

 

БОЛАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Кичкинтойингиз ривожланишнинг янги босқичига ўтди. Унинг тирсак бўғимлари, қўл ва оёқ бармоқлари, қулоқ супраси, юқори лаби шаклланди. Ташқи жинсий аъзолар ривожлана бошлади.
Кичкинтой ҳаётининг аввалги йилларида ёриб чиқадиган сут тишлари ривожланади. Сув ичида бўлишига қарамай ўзини  қулай ҳис этади. У жуда тиник бўлиб 20 мл атрофидадир. Кичкинтойнинг кўзлари катта – катта очиқ ҳолатда бўлса ҳам бирор нарсани кўраётибтими ёки йўқми, бу ҳақида ҳеч нарса дея олмаймиз. 
Ҳомиланинг оғирлиги 4 гр атрофида бўлиб, узунлиги 27 – 35 мм чиқади.

ОНАДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Эрта токсикознинг сабаби нимада? Ҳомила тарафидан ишлаб чиқариладиган гормонлар рўйхатига яна бир гормон кирадики, у модда алмашинувига ўз таъсирини ўтказиб ёғ кислоталарини ишга солади. Натижада аёл организмидаги оқсил синтезини камайтиради. Бу эса ўз навбатида бола тўқималарини “қуришга” сарфланаётган  аминокислоталар заҳирасини ортиради. Шундай қилиб йўлдош ва ҳомила она организмидаги модда алмашинувини ўз эҳтиёжини қондириш мақсадида “бошқара” бошлайди. Бу кучайиб бораётган жараёнлар организмнинг “янги ҳолатига” мослашолмаслигига сабабчидир. Мана шу ҳомиладорликнинг 1 – ярмидаги токсикоз бўлади.
Онада кўнгил айниши, қайт қилишидан ташқари вазн камайиши, терининг қуриши, бўшашиши кузатилади. Камқувват, уйқучан бўлиб қолади. Ҳомиладорликнинг бундай белгилари кучайиб бораверса, албатта врач ёрдами керак бўлади. Бу  даврдаги токсиз нафақат сизни қийнайди, балки боланинг ҳам ривожига салбий таъсир этади.  Гап шундаки, давомли қайт қилишда организм сувсизланада ва натижада ҳомилага озуқа моддаларининг етиб бориш  тизими бузилади, ваҳоланки, айни шу даврда бош мия шаклланади.
Аҳволингиз яхшиланишини қўл қовуштириб кутиб ўтирманг. Кечикиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Биринчи белгилари пайдо бўлиши билан акушер – гинекологга мурожаат этинг. Одатда вақтида кўрилган даво чоралари кўнгилсизликларни олдини олади.

Бу даврда сайр қилиш жуда фойдали. Оз – оздан тез – тез бирор нарса истеъмол қилиб туринг. Таом иссиқ бўлмаслиги ва лаззатли бўлиб ҳузур бахш этиши лозим.
Биринчи уч ойликда ичакларингиз фаолиятига алоҳида эътибор беринг. Тўла бўлган тўғри ичак бачадонни эзади. Бу эса яхшиликка олиб келмайди. Шунинг учун ич келишини кунда назорат қилинг. Қабзиятнинг олдини олишда қора нон, янги узилган сабзавот ва мевалар, қайнатилган лавлаги, тузланган ва янги карам ёрдам беради.
Наҳорда оч қоринга ичилган бир пиёла сув ёки ётишдан олдин ичилган қатик ҳам ич келишига яхши наф беради.
Сурги дори ичиш ва ҳукна (клизма) қилиш тавсия этилмайди.

 

 

 

Ҳомиладорликнинг 4 – ҳафтаси

 

 

 

Ҳомиланинг ташқи қатлами хориальнй гонадотропин номли гормон ишлаб чиқара бошлайди. Айнан шу гормон она организмига белги бериб, аёлнинг ҳомиладор бўлганлигини, энди турмуш тарзини ўзгартириб унга мослашиш лозимлигини билдириди. Бу гормон орқали қисқа вақт ичида уй шароитида қўлланиладиган экспресс – тест ёрдамида ҳомиладорликни аниқлаш мумкин. Лекин ушбу ҳафтада  айтиб ўтилган гормон концентрацияси жуда оз миқдорда бўлганлиги учун тестни яхшиси кейинги ҳафтада ўтказганингиз маъқул.
Сариқ танача ишга тушди, энди сиз ҳомиладорликнинг биринчи белгиларини ҳис қилишингиз мумкин.

Ҳозирги кунда ҳомиладорликни аниқловчи экспресс – тестларни ҳар бир дорихонадан топса бўлади. Уларни кутилаётган  ҳайзингиз келмаган биринчи куниёқ қўллашингиз мумкин. Лекин аниқ маълумотни бир неча кун ўтгач олишингиз мумкин. Ҳомиладор бўлишни сабрсизлик билан кутаётган ҳар бир аёл бу саволга тезроқ жавоб олишни истайди.
Ўз организмига эътиборли бўлган бўлажак она “гумонли” белгиларни тест жавобидан аввал сезади.

ҲОМИЛАДОРЛИКНИНГ АВВАЛГИ ҲАФТАСИДАГИ ИЛК АЛОМАТЛАРИ


Ҳомиладорлик белгилари ҳақида 170 та аёлдан сўралди, уларнинг натижалари қавс ичида кўрсатилган.

1.    НАВБАТДАГИ ҲАЙЗНИНГ КЕЛМАСЛИГИ (34%)


Ҳомиладорликнинг энг кенг тарқалган аломати. Лекин баъзан бу ҳолат организмда гормонал ўзгаришларда ёки турли касалликларда рўй бериши мумкин. Агар аёлда ҳайз даври ўзгарувчан, беқарор бўлса ёки аввалги туғруқдан сўнг қайта тикланмаган бўлса, одатда аёл бундай “кечикишга” бошқа аломатлар сезилмагунча эътибор қилмайди. Бундай эътиборсизлик ҳафталар, гоҳида эса ойларга ҳам чўзилиши мумкин.  

2.    КЎКРАКНИНГ ЎТА СЕЗУВЧАН, ОҒРИҚЛИ БЎЛИШИ (28%)

Кўпчилик аёллар ҳар сафар ҳайз муддати яқинлашганда шу каби белгиларни ҳис этишади. Ҳомиладорлик аломати бўлган кўкрак оғриғи одатдагидан кучлироқ бўлади. Шубҳасиз, бу ҳам ҳомиладорликнинг кенг тарқалган белгиларидан.

3.    ҲИДЛАРГА БЎЛГАН СЕЗУВЧАНЛИКНИНГ ОШИШИ (11%)


Аксар аёллар учун бу энг муҳим аҳамиятга эга белги. Севимли атирлари кутилмаганда тоқат қилиб  бўлмайдиган, транспортдаги одамлар эса ўта “сассиқ”, эрининг одеколони эса чидаб бўлмайдиган даражада  ёқимсиз ҳидга эга бўлиб қолади.

4.    КЎКРАКНИНГ КАТТАЛАШИШИ (8%)

Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталарида камдан кам аёл бу  ўзгаришни сезади. Одатда кўкрак охирги ойларда сезиларли даражада катталашади. Лекин кузатувчан бўлсангиз, кўкрагингизнинг  озгина катталашганлигини аввалроқ сезишингиз мумкин.

5.    ЭРТАЛАБКИ КЎНГИЛ АЙНИШИ (5%)

Баъзи аёлларда тонгги лоҳаслик ёки бошқача қилиб  айтганда эрта токсикоз ҳомиладорликнинг 7 - ҳафтасидан бошланиб то 12 - ҳафтасигача давом этади. Лекин айрим ҳолларда кўнгил айниши ундан аввалроқ ҳам бошланиши мумкин.

6.    ҚОРИН ОСТИДА НИМАНИДИР СЕЗИШ (5%)


Аёллар буни ички ҳис билан олдиндан сезиш дейдилар. Айримлар қорин остида тортишиш ёки санчишни сезадилар. Гоҳида эса оғриқ кучли ва давомли бўлиши мумкин. Баъзан бўлғуси она нимани ҳис қилаётганлигани аниқлолмайди, фаҚатгина у ерда “нимадир борлигини”, нимадир рўй бераётганлигини сезади. 

7.    СЕВИМЛИ ТАОМЛАРНИНГ ЎЗГАРИШИ (5%)

Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида бўлғуси оналар иштаҳалари бирдан ортганлигини сезадилар. Бошқалари эса аксинча, иштаҳалари умуман йўқолганлигидан шикоят қиладилар. Кўпчилик аёллар ўз таомномаларини ўзгартиришга мажбур бўладилар. Аввал оддатий бўлган маҳсулотларга энди кўнгил тормай, ёқтирмаганларини эса севиб истеъмол қила бошлайдилар.

8.    КАЙФИЯТНИНГ ЎЗГАРИШИ,  ЙИҒЛОҚИЛИК (4%)

Айрим аёллар буни ҳомиладорликнинг энг биринчи аломати деб ҳисоблайдилар. Лекин ҳайз олди синдромига йўлиққан аёллар кайфиятнинг  тезда ўзгаришини ҳар сафар ҳайз даври бошланиши олдидан ҳис қиладилар.

9.    ТЕЗ – ТЕЗ ҲОЖАТГА БОРИШ

Бу белги ҳам баъзи аёлларда ҳомиладорлик аломати сифатида кўринади.

10.    ВАЗН ЎЗГАРИШИ


Одатда бўлғуси оналар охириги ойларда вазн тўплашади. Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталарида эса айрим аёллар озишади, вазни камайганлигини кузатишади.

11.    ТАНА ҲАРОРАТИНИНГ ОШИШИ


Баъзи аёлларда ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида тана ҳарорати 37 – 37,2 даражагача кўтарилади, гоҳида унга бош оғриғи ҳам қўшилади. Агар бунга ҳомиладорликнинг аломатларидан бири бўлган бурун битиши ҳам қўшилса, унда бу ҳолатни осонлик билан шамоллашга йўйиш мумкин.

12.    СЕРУЙҚУЛИК,  ТОЛИҚИШЛИК

Бу белги ҳам ҳомиладорликнинг илк аломатларидандир. Шунга қарамай серуйқулик бошқа кўплаб сабаблар орқали юзага келиши мумкин.

Кўриб турганингиздек ҳомиладорлик аломатлари жуда ҳам кўп ва турлича. Баъзи аёллар санаб ўтилган аломатларнинг бир қанчасига дуч келсалар, баъзилари эса ҳомиладор бўлганликларини фақатгина ҳайзлари вақтида келмаганлигидан биладилар. Айримлар эса ҳатто бола биринчи бор қимирламагунича ҳомиладор эканликларинидан гумон ҳам қилмайдилар. Яна бир тоифа эса фақатгина қоматларида ўзгариш сезганларида ҳомиладор эканликларини гумон қиладилар. Ҳар қалай бундайлар жуда кам учрайди.

Ҳомиладорлик сизга бахт келтирсин!

Она бўлиш ҳар бир аёл ва қолаверса ҳар бир  жуфт ҳаётидаги асосий воқеадир.
Сиз умид қилиб кутган эдингиз, жуда хоҳлагандингиз, ниҳоят у содир бўлди! Сиз ҳомиладорсиз! Сиз бахтлисиз! Ҳаётингиздаги энг катта орзуингизни амалга ошишида хурсандчилигингиз билан бирга хавотир ҳам бор. Атрофингиздагилар ҳали бу янгилик ҳақида билишмайди. Ўзингиз ёлғиз янги ҳиссиёт ва фикрлар қуршовидасиз.
Қийинчиликларга қарамай ҳомиладорлигингиздан чексиз бахтиёрсиз. Ахир у сизни наслни давом эттира олишингизнинг исботидир. У орқали ҳаётингизда янги саҳифа очилади.

Болани тўққиз ой давомида кислород ва озуқа билан таъминлаб, унинг организми учун кераксиз бўлган моддаларни олиб чиқувчи киндик ичакчаси ва  йўлдош шакллана бошлайди. Уларнинг ривожланиши ҳомиладан ташқари бўлган аъзолардан бошланади.  Улар учта: хорион, амнион ва тухум сариқчаси халтаси. Бу қисмларсиз кичкинтой ривожлана олмайди. Хорион  кейинчалик йўлдошга, амнион - ҳомила пуфагига, сариқча халтаси эса киндик ичагига айланади.
Қизиғи шундаки, бу аъзоларнинг шаклланишида оталик генлари онаникига нисбатан фаолроқ бўлади.  Азалдан эркакнинг вазифаси – муҳофаза қилиши лозим  бўлганларни ҳимоялаш ва ҳаёт давомийлигини сақлаб қолиш бЎлган. Бу масъулият ҳаттоки ген даражасида ҳам кўринади (бошқача қилиб айтганда, сперматозоид эркак организмининг  битта – ягона ҳужайраси  бўлса ҳам “ўзини ҳақиқий эркакдек тутади”). 
Кичкинтойингиз ҳозир бир неча қаватли япалоқ гардишга ўхшайди. Унинг ҳар бир қавати турли аъзо ва тўқималарга асос бўлади. Фарзандингиз келажаги учун бу ўта масъулиятли даврдир. Шунинг учун ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталарига тааълуқли тавсиялар ҳозир  жуда ҳам  муҳим.

 

 

 

Кўп манзур бўлган мақолалар

Ҳозир сайтимизда 1285 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ