1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Иллат

«Мен ичмайман» дейсизми?…

«Мен ичмайман» дейсизми?…

Бугун ёшлар орасига кириб ҳеч ким ичкиликдан фойда топмагани, ичкилик уруш-жанжа…

Read More...

“Арзонига учган”лар айбдорми?…

“Арзонига учган”лар айбдорми?…

 “Арзонига учган”лар айбдорми?

Бугун “Хитой маҳсулоти” деган сўз ҳеч биримизга янгилик эмас. Ва уни негадир икк…

Read More...

Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик…

Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик…

Айни чоғларда пойтахтимизнинг номдор санъат саройларида ёзги концерт мавсуми қиз…

Read More...

«Белдан пастки кулги» санъатми?…

«Белдан пастки кулги» санъатми?…

«Кулги умрни узайтиради», «кулгининг соғликка фойдаси катта», «яхши кайфият била…

Read More...

Prev
Next
  • 1
  • 2
  • 3

Муносабатлар

"Саёҳларга" текин маслаҳатлар…

"Саёҳларга" текин маслаҳатлар…

Хорижликлар саёҳат қилишни жуда яхши кўришади. Биз бор будимизни йиғиб тўй қилса…

Read More...

Skype орқали никоҳ, СМС орқали талоқ...…

Skype орқали никоҳ, СМС орқали талоқ...…

АҚШда истиқомат қилаётган Асад Фаҳурий – куёв, Ливаннинг Тир шаҳридан бўлган  Ха…

Read More...

«Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!…

«Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!…

 Мен хориждагиларнинг яшаш тарзига, улардаги қулайликларга роса ҳавас қиламан. Х…

Read More...

«ЎРМОН ҲАЁТИ»…

«ЎРМОН ҲАЁТИ»…

Бу ҳаммага маълум оддий гап: ўрмонда қайси ҳайвон кучли бўлса, иложининг борича…

Read More...

Prev
Next
  • 1
  • 2
  • 3

Сўнгги фикр

Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)

Тушга ўхшаган “муҳаббат” Севиб, севилмоқ...

“Муҳаббат” ҳақидаги гап-сўзлар ҳамма тарафимизни ўраб олган: романлар, қўшиқлар, рекламалар ҳамда реал ҳаётимизда. Ҳаммасидан ёмони Бред Питни ўзича яхши кўриб қолган қизалоқ ва ўз эрини жонидан ортиқ севадиган муслима қиз ҳам: “Мана шу ҳақиқий севги”, деб айтиши мумкин. давоми...

Виртуал дунё ҳақиқий дунёнинг кушандаси

Интернет – ҳам яхши, ҳам ёмон нарсадир: кимдир ўз ҳожатини чиқаради, кимдир эса ундан вақтиҳушлик учун фойдаланади. Сиз ҳақиқий ҳаётдан воз кечиб, аслида йўқ бўлган воқеъликка уни алмаштирмоқчи бўласиз. Ўйлаб кўрингчи: сиз буларнинг эвазига нимага эришасиз?  давоми...

Материалы

Маскан одоблари

Инсон ўзини энг бехавотир, эмин-эркин сезадиган маскани унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назари тушишидан, гаплари эшитилиб қолишидан хавфсирамай, азият чекмай яшаши керак.Акс ҳолда унинг уйидаги роҳат-фароғати кетади, ҳаловати йўқолади. Донишмандларнинг «Уйинг сиғдирсин» деб қилган дуоларида ажиб ҳикмат яширинган. Ҳаттоки замонавий қонунларда уй-жой дахлсизлиги ҳақида алоҳида моддалар киритилган. Ахлоқимизда эса бировнинг хонадонига, ҳузурига изнсиз назар солган, рухсат сўрамай кирган киши қаттиқ қораланади ва одамлар бу ёмон ишдан ҳамиша қайтариб келинган.
Маскан сўзи “сокинлик топиш жойи” деган маънони англатади. Бизда инсоннинг ўз оиласи билан бирга яшайдиган жойи “маскан”, яъни турар жой, ҳовли-ҳарам дейилади. Инсон ҳаётида хавфу хатардан омонлик топиш, иссиқ-совуқдан пана топиш, молу мулкини дахлсиз сақлаш, аҳли аёли билан фароғатда яшаш, ҳаётдаги машаққатлар ва чарчашлардан дам олиб, роҳат топиш учун, қисқа қилиб айтганда, барча нарсалардан сокинлик топиш учун бир масканга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кенг маскан мусулмон кишининг саодати омилларидан бири эканини ўз ҳадисларида эълон қилганлар.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон кишининг саодатига омил бўладиган нарсалар ҳақида бир қанча ривоятлар собит бўлган. Ушбу ҳадиси шариф ўшалардан биридир.
Кенг маскан киши саодати омилларидан бири бўлиши бежизга эмас. Албатта, маскан – турар жой одам боласи умрининг кўп қисмини ўтказадиган ердир. Умрнинг энг нозик ва масъулиятли қисми одамнинг шахсий масканида ўтади.
Масканнинг кенг бўлиши яшаш шароитининг қулайлиги маъносидадир. Киши ўз уйида яшаш учун барча шароитларга эга бўлса, саодатли бўлиши турган гап. Умрининг кўп қисми ўтадиган масканда ўзи учун керак бўлган барча қулайликлар мавжуд бўлса, албатта, бу нарса ҳам саодат омилларидан бири бўлади.
Инсон дунё ҳаётида яшар экан, турли ҳолатларга дуч келади. Чарчайди, асабийлашади, дам олгиси келади, ухлайди ва ҳоказолар. Шундай пайтларда унинг ўз уйи ўлан тўшагига айланади. Жамоатчилик жойлари, сафарда, меҳмонхона ёки ижарага турган ерида керакли сокинликни топа олмайди. Ўз уйига эса бемалол кириб боради, ечинади, ором топади, ҳордиқ чиқаради... Шунинг учун ҳам Исломда кенг маскан киши саодати омилларидан бирига қиёсланган.
Ислом инсон ҳаётининг барча соҳаларини  қамраб олгани ва бузилишдан ислоҳ қилгани каби маскан соҳасини ҳам қойиллатиб қўйган. Масканларни қуриш ва уларни тутишнинг гўзал намуналарини бутун дунёга намойиш қилган. Мусулмонлар қурган масканлар қулайлиги, гўзаллиги ва бошқа имтиёзлари ила барчанинг таҳсинига сазовор бўлган. Самарқанду Бухорога келган бир ғарблик сайёҳ “Бу мусулмонларнинг бошқа нарсалари каби қурган бинолари ҳам кишига хотиржамлик бағишлайди-я” дея ажабланган экан. Масканларнинг моддий тарафи билан бирга маънавий тарафига ҳам алоҳида эътибор берилади.   
Исломда ҳар бир шахснинг маскани дахлсизлиги кафолатланган. Ким бўлишидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг турар жойи, ундаги оилавий сирлари ҳимоя қилинади. Ўзининг розилигисиз ҳеч ким унинг масканига кира олмайди, назар солиб қарай олмайди, у ердаги гапларга қулоқ солиб эшита олмайди. Ким бирор хонадон эшиги олдида туриб, ҳовли ичига соҳибларининг изнисиз назар солса ҳатто унга нисбатан энг оғир  танбеҳ ва жазо чораларини қўллашга ижозат берилган. Агар бирор киши ёпилмаган эшик, пардасиз дераза олдидан ўтаётиб ичкарига назар солса, бунинг гуноҳи унга эмас, уй аҳлига бўлади.
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманглар. Ана шундай қилмоғингиз сизлар учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (27-оят).
Ушбу ояти карима ъукмига биноан ъеч ким бировнинг масканига унинг изнисиз кириши мумкин эмас. Ким бу ишни ыилса, инсон ъуыуыларидан энг муъим бир ъаыни поймол ыилган, катта гуноъ ишни содир этган бщлади. Чунки ъар бир киши фаыат щз масканидагина щзини тщла эркин ъис этади. Бировнинг бехосдан кириб ыолишидан ъадиксирамай бемалол ъолатда юришни щзига эп кщради. Кийим-кечак, юриш-туриш ва аъли аёл билан муомалада ъам щзига эрк беришни раво кщради. Шунингдек, щзгаларга билдиришни хоъламаган сирли нарсалар билан ъам фаыат щз масканидагина машьул бщлишни хоълайди. Агар маскан дахлсизлиги бузилса, бу дахлсизликка хуруж қилинса, инсон умуман тинчини йщыотади. Ъар лаъзада бировнинг кириб ыолишидан ъадиксираб, хотиржамлигини йщыотади, жамоатчилик жойида тургандек хавотир ичра изтироб чекади.
Бировнинг масканига изнсиз кириш ман қилингани унинг сир-асрори, аврати каби биров билишини ўзи хоъламаган нарсаларни бегона кишилардан ҳимоялаш, асраш учун жорий этилган. Шу боис, масканга кирмай туриб ъам бегона одам мазкур нарсалардан огоъ бщлиши мумкин эмас. Мисол учун, бировнинг масканига унинг изнисиз назар солиш мутлақо ярамайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг уйига уларнинг изнисиз қараса, улар унинг кўзини ўйиб олсалар хун тўлаш ҳам, қасос ҳам йўқ», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан Исломда шахсий дахлсизлик қанчалар юқори даражада ҳимоя қилиниши яққол кўриниб турибди. Ҳеч ким унинг масканига яширин равишда назар солиб турмаганини тўла ҳис қилгандагина инсон ўзини эркин ҳис қилиши, маскан дахлсизлиги ҳақидан тўла фойдаланиши мумкин.
Уламоларимиз бировнинг уйига яширин назар солиш ҳаромлиги ҳақидаги ҳадисга қиёс қилиб, бировнинг гап-сўзларини яширинча тинглаш ҳам ҳаромлигига ҳукм чиқаришган. Ҳеч ким бировнинг изнисиз унинг гап-сўзларига яширинча қулоқ солиши мумкин эмас. Ким бу ишни қилса, инсон ҳуқуқларидан катта бир ҳақни поймол қилган бўлади.
Масканнинг инсон ҳаётидаги улкан аҳамияти ва зарурати эътиборидан шариат мусулмон инсонларга бу борада ўзига хос одобларни жорий қилган. Мазкур одоблар инсоннинг ўз масканида бахт-саодат, ҳузур-ҳаловат ила яшашини тўла таъминлайди.

Масканда мўътадил бўлиш ва шароитни яхшилаш

Барча нарсаларда мўътадиллик дини бўлган Ислом маскан масаласида ҳам мўътадил бўлишга чақиради. Бир тарафдан маскан масаласида ҳаддан ошиб, дабдаба ва фахрланишга ўтиб кетишдан қайтарса, иккинчи тарафдан тарки дунё қилиб, масканга эътиборсиз қарашдан қайтаради. Маскан инсон ва унинг оиласи қароргоҳи бўлганидан кейин уларга фаровон ва хотиржам ҳаёт кечириш воситаси бўлиши ҳам керак. Турмуш ўтказиш учун зарур бўлган барча шароит инсоннинг масканида муҳайё бўлиши матлуб саналади.
Мусулмонларнинг қурган масканларида юқорида айтилган мулоҳазалар ўз аксини топган. Маскан эгаси, унинг аёли, болалари ва бирга яшайдиган яқинларининг ором олиши, овқатланиши, таҳорат ва ғусл қилиши, меҳмон кутиши ва бошқа зарур фаолиятларни олиб бориши учун керак бўладиган барча шароитлар яратилган бўлади.
Уларнинг масканларида дин таълимоти асосида ҳаёт кечиришга керак бўлган шароитлар ўз ифодасини топган бўлади. Мисол учун, аввалги мусулмон меъморлигида уйларнинг энг ҳурматли жойлари – уйнинг тўри меҳроб деб аталаган ва қиблага қараган тарафда бўлган. Уйга ташриф буюрган меҳмон ҳам ҳеч кимдан сўрамай қибла қаёқда эканини билиб, ибодатини адо этган.
Уй қуришда унинг ичига бегона кўз тушишини ман қилиш омили ҳам эътиборга олинган. Кўча-кўйдан ўтганларнинг назари хонадон ичига тушмайдиган қилиб режалаштирилган. Ота-оналарнинг ётоқхоналари фарзандларнинг кўз ўнгида бўлмаслиги таъминланган. Шунингдек, эркаклар учун тайёрланган меҳмонхоналар ҳам аҳли-аёлга халақит бермайдиган даражада четда бўлишига алоҳида эътибор берилган.
Ҳозирги уй қуриш режаларида ҳам юқорида айтилган гўзал одатларга амал қилиш мавжуд. Аммо баъзи ҳолатларда билимсизлик ёки эътиборсизлик оқибатида одамлар ўзларига баъзи ноқулайликлар туғдириб олишади ёки масканда етарли шароит яратишга эътибор беришмайди. Мисол учун, баъзи қишлоқ жойларида таҳоратхоналар мутлақо талабга жавоб бермайди. Болаларни чўмилтириш учун, катталарнинг ғусл қилишлари учун ҳам алоҳида шароит йўқ. Бу нуқсонларга барҳам берилиши керак.

Маскандаги моддий одоблар

– Маскан қуришдан ҳаддан ошиб дабдабага берилмаслик ва кимўзарга беҳуда нарсаларни қурмаслик. Мусулмон киши барча соҳалардаги каби маскан қуришда ҳам исломий одобларга риоя қилиши, масканини ҳаддан ортиқ муҳташам ва серҳашам қилмаслиги керак.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бинода кимўзарга киришмагунча қиёмат қоим бўлмайди», дедилар».
Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.
Демак, бино қуришда кимўзарга бориш, ким баландроқ ва дабдабалироқ қуриши маъносида мусобақалашиш қиёматнинг аломатларидан бири экан. Ўша пайтларда ҳамма ертўла ва капаларда яшаб юрган шароитда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларни айтишлари катта бир жасорат, бу гапнинг орадан ўн беш аср ўтиб, ўз тасдиғини топиши эса мўъжизалари ҳисобланади.
– Маскан қуришда оила аъзоларининг сокинлик топишларини кўзлаш. Зотан “маскан” сўзининг маъноси сокинлик жойини ифодалагани учун ҳам шуни тақозо қилади. Мусулмонларнинг масканлари бегона кўзлардан пана, чинакам хотиржамлик ва осойишталик маконлари бўлиши лозим.
– Масканни динимиздаги эҳтишом, эҳтиром ва бегона кўзлардан сақланиш борасидаги таълимотларга мослаб қуришга ҳаракат қилиш. Бунда оила аъзоларининг кўча-кўйдагиларнинг ўғринча бўлса ҳам назаридан асраниши, ҳатто қўни-қўшниларнинг ҳам ичкарига кўзи тушмаслигининг ҳисоби қилинади. Оиланинг ичида ҳам ота-онанинг ётоқхонаси болалар кўз ўнгидан четроқда бўлишига алоҳида эътибор берилади.
– Масканни оиланинг барча аъзолари ҳузур ила яшашлари ҳамда ибодатларини бемалол адо этишларига хизмат қиладиган этиб қуриш. Бундан инсоннинг ҳузур ила яшашига алоҳида эътибор берилади. Хусусан, таҳоратхона ва ҳаммомларга алоҳида эътибор бериш керак бўлади. Бизда, баъзи жойларда турар жойлар яхшилаб қурилган бўлса ҳам, таҳоратхона ноқулай бўлиши, алоҳида ҳаммом умуман бўлмаслиги бу борадаги камчиликларимиздир. 
– Маскан, ҳовли-ҳарамни чиройли, кўркам ва покиза тутиш лозим. Мусулмон хонадони ҳамма жиҳатдан намунали: тоза, покиза, тартибли, кўркам ва файзли бўлиши даркор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар».
Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу чақириқлари ҳар бир мусулмоннинг доимо ёдида турмоғи лозим. Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз – ҳамма жойимизни озода ва покиза тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Бошқалар озода жойни кўрса «Бу жойда мусулмонлар яшайди шекилли», дейдиган бўлсин.

Маскандаги маънавий одоблар

Исломда масканларнинг моддий одобларига эътибор бериш билан бирга уларнинг маънавий одобларига ҳам катта аҳамият берилган. Балки маънавий одобларга бирламчи омиллар сифатида қаралган. Қуйида мазкур одоблардан баъзиларини тақдим этишга ижозат бергайсиз.
– Бировникига муносиб вақтида бориш одобдандир. Бу одобга риоя қилишга катта аҳамият бериш керак. Одатда кишилар дам оладиган, уйқуда бўладиган ва шунга ўхшаш уй эгаси учун ноқулай пайтларда бировникига чақириб бориш одобдан эмас. Иложи бўлса олдин телефонда гаплашиб, вақтини келишиб олиб борилса, яхши бўлади. Ноқулай пайтда бориш хонадон соҳибига катта машаққат туғдиришидан ташқари, борган кишини ҳам хижолатда қолдириши, ҳатто кўзлаган иши битмай қолишини келтириб чиқаради.
– Бировнинг масканига унинг рухсатисиз кирмаслик. Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз» (27-оят).
Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кириши лозим.
Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилади, шундагина турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам хижолатга тушади. Балки, хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Бордию сизга таниш ёхуд қадрдон одамнинг хонадонига рухсат сўрамай кирсангиз, фитна ёки бўҳтонга учраб қолишингиз, ҳатто айрим ҳолларда ўша оиланинг бузилиб кетишига сабабчи бўлишингиз, энг оддий ҳолатда қаттиқ хижолатликда қолишингиз мумкин. Чунки эр киши бировникига келсаю уйда эркаги бўлмаса ёки аёл киши келсаю уйнинг аёли йўқ бўлса, шундай ҳолатларда бехосдан уйига кириб келган эр ёки хотин ножўя хаёлларга бориши мумкин. Бундай фитнага сабаб бўлувчи ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.
– Бировнинг олдига кириш учун уч марта изн сўрайди, рухсат бўлмаса, қайтиб кетади. Бирор кишини йўқлаб борсангиз, кўча эшиги олдида икки-уч дақиқадан вақт ўтказиб уч марта тақиллатасиз ёки эшик қўнғироғини чаласиз. Шунда ҳам жавоб бўлмаса қайтиб кетиш керак бўлади. Агар бировникига кирмоқчи бўлсангиз, салом бериб уч мартагача киришга ижозат сўрайсиз. Уй эгаси алик олиб, ичкарига таклиф қилсагина уйига кирасиз.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз уч марта изн сўраса-ю, унга изн берилмаса, ортига қайтсин» дедилар».
Бухорий ривоят қилган.  
Чунки, уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган шахс¬ни қабул қилиш имконлари йўқ бўлиши мумкин. «Изн» деганда уй эгасининг ёки у томондан вакил қилинган шахснинг изни кўзда тутилади. Уйга эга бўлмаган ёки уй эгаси томонидан вакил қилинмаган одамнинг изни ҳисобга ўтмайди.
Изн сўровчи тихирлик қилмаслиги, одоб билан уч мартагача изн сўраши, жавоб бўлмаса, қайтиб кетиши лозим. Изн сўраш авваллари овоз чиқариб чақириш билан бўлган, ҳозирда махсус қўнғироқни чалиш ёки уй телефони орқали бўлиши мумкин.
– Изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўрайди.
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига изн сўраш учун келди ва эшикнинг тўғрисида туриб олди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига чиқиб: «Бундай тума! Мана бундай тур. Изн сўраш назар тушмаслиги учун жорий қилинган», дедилар».
Шунинг учун изн сўровчи ҳовлига ёки хона ичига назари тушмайдиган бўлиб, эшикнинг ёнида туриши керак. Токи, ичкаридан эшик очилганда унинг назари уй эгаларининг ҳолига тушмасин.
Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикнинг тўғрисида эмас, балки унинг ўнг ёки чап тарафида турар эдилар».
Икки ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган.
Ана шунда изн сўровчининг назари ичкарига тушмайди.
– Изн сўралганда уй эгалари томонидан жавоб берилса, изн сўровчи салом бериб сўнгра мақсадини аниқ билдириши керак.
«Бир одам уй ичида турган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўрамоқчи бўлиб: «Кираверайми?!» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматчисига: «Анавининг олдига чиқиб, изн сўрашни ўргатгин, «Ассалому алайкум, кираверайми?» дегин деб айт», дедилар». Буни эшитиб турган ҳалиги одам: «Ассалому алайкум, кираверайми?» деди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга изн бердилар ва у кирди».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отамнинг қарзи хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, эшикни тақиллатдим. Шунда у зот: «Бу ким?» дедилар. «Менман!» дедим. У зот норози оҳангда: «Меен, меен...» дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
«Мен» дейиш билан иш ойдинлашмайди. Унинг ўрнига мен фалончиман, деб ўзини аниқ танитиш лозим. Бунда ўз исмини, отасининг исмини ёки маълум сифатини айтилса, яхши бўлади.
– Одоб бўйича, изн сўровчи исмини аниқ айтиб, изн сўраши ва салом бериб кириши лозим. Калда ибн Ҳанбал исмли киши келиб, салом бермасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Орқангга қайт! Ассалому алайкум, дегин», дедилар.
Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар.
– Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади. Шунингдек, ичкарига киришга рухсат берилмаса ҳам, қайтиб кетади. Чунки эгаси бўлмаган ёки сизнинг киришингиз имкони бўлмаган уйга кириб боришдан кўра одобсизлик бўлмаса керак?!
Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:
«Бас, агар у(уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, то сизга изн берилмагунча уларга кирманглар. Агар сизга «қайтинг», дейилса, бас қайтинг, ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни ўта билувчидир» (28-оят).
Ушбу ояти каримадаги биринчи жумладан икки хил маъно чиқади. Биринчиси, сиз чақирганингизда биров жавоб бермаса, уларга кирманг, яъни, уйда одам борлиги билиниб турса ҳам, жавоб бермаяптими, то изн бермагунча, уйга кирманг, дегани. Иккинчи маъно шуки, уйнинг эгаси ёки у вакил қилган одам йўқ бўлса, ўшалар биров орқали бўлса ҳам, изн бермагунча кирманг, дегани. Агар уйда умуман одам бўлмаса, шубҳасиз, кириш мутлақо мумкин эмас.
«Агар сизга, қайтинг, дейилса, бас, қайтинг, ўша сиз учун покдир». Яъни, сиз киришга изн сўраган пайтингизда ичкаридан, қайтинг, деган жавоб бўлса, дарров қайтинг, ўша қайтишингиз сиз учун пок ишдир.
Шу билан бирга, бундай пайтда қайтувчи кўнглига олмаслиги, хафа бўлмаслиги, уй эгалари мени ҳурмат қилмади, деган хаёлга бормаслиги керак. Чунки ҳар бир одам хоҳлаганини уйига киритиш ёки киритмаслик ҳаққига эга. Бирор иш билан машғул бўлиши ёки кайфияти кўтармаслиги мумкин. Яна уй эгасининг ўзигагина маълум бошқа узрли сабаблар бўлиши мумкин. Ушбу ояти каримага биноан изн берилмагач, эшик олдида турмасдан қайтиб кетиш зарур.
– Бировнинг рухсати билан уйига кирган одам уй эгаси кўрсатган жойга ўтиради. Уйнинг эгаси ўз уйида нима қилишини ўзи яхши билади. Меҳмонга қайси жой қулайлигини ҳам у белгилайди. Меҳмондорчилик тартибларини Қайюм Носирий бундай таърифлайди: «Меҳмонга борсанг, уй эгаси кўрсатган жойга ўтир. Нимани келтирса индамай е. Мезбон ташқарига чиқса, ўрнингдан турма, рухсатсиз нарса қидирма. Гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани ушлайверма. Аммо хонада китоблар бўлса, кўриш мумкин».
– Бировнинг уйидаги одам унга имомлик қилмайди. Бирор кишиникига келган меҳмон намоз ўқилаётганда хонадон соҳибининг имомлик қилишига йўл беради. Чунки Пайғамбаримиз бировнинг хонадонида унга имомлик қилишдан қайтарганлар.
– Бировнинг уйига кирган одам уй эгасининг ўзига хос жойига – тўшаги ёки курсисига ўтирмайди. Борган киши уйга киришда мезбондан олдин юрмайди, уй ёки ҳовлига «Бисмиллоҳ» айтиб, ўнг оёқ билан салом бериб киради. Мезбон қайси жойни кўрсатса, ўша жойга ўтиради, унинг рухсати билангина туради. Яна у хонадон соҳибининг ўзи ўтирадиган жойига, курсиси ёки кўрпачасига ўтирмайди.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам ҳеч қачон бошқа бировга унинг салтанатида имомлик қилмасин ва унинг уйидаги ўзи учун тайёрланган жойга ўтирмасин. Магар унинг изни ила бўлса, майли», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
– Бировнинг уйига кирган одам атрофга аланглаб қарамайди. Бехосдан бўлса ҳам кўзи номаҳрамларга тушиб қолмаслиги керак. Шунингдек, меҳмон чор тарафга аланглаб қарайверса, мезбонга ноқулай бўлиши бор. Шу боис ўнгу сўлига, паст-баландга, ташқарига алангламай, одоб билан ўтириши лозим.
– Бировнинг уйига кирган одам беихтиёр кўзи бирор шариатда қараши мумкин бўлмаган нарсага тушиб қолса, дарҳол бошқа тарафга қарайди. Бу мусулмонлар учун барча жойларда ҳам умумий қоидадир. Беихтиёр кўз тушганда айб ва гуноҳ йўқ. Аммо ундан кейин ҳам назарни тиймаслик гуноҳдир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундай эмас», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. 
Биринчи назар тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни «тўсатдан» деб бўлмайди, буниси қасддан бўлади ва гуноҳ ҳисобланади.
Ушбу таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш, йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан асраш учун келгандир.
– Бировнинг уйига кирган одам унинг изнисиз бирор нарса қилмайди. Меҳмон ўз ўрнини ва мақомини билиши керак. Ўзгаларнинг уйида ўрнидан туриб, уёқ-буёқларни кавлаштириш, ҳовлига назар солиш, хонадаги буюм ва жиҳозларга тегиш мутлақо ярамайди. Бировнинг уйида ўзича, уй эгасидан сўрамай қилинган иш ҳар икки томонга ҳам ноқулайлик туғдириши мумкин.
– Бировнинг уйига кирган одам уй эгасининг хонадон ишларига аралашмайди. Агар меҳмон мезбоннинг хонадон ишларига аралашса, ўтакетган беодоблик қилган бўлади. Бу нарса кераксиз хижолатпазлик ва нохушликларни келтириб чиқаради. Меҳмон келтирилган таомдан рози бўлиб, мезбонни хурсанд қиладиган даражада ейди, уни уёқдан-буёққа олиб-қўявермайди, таомга шукрона айтиб, хонадон аҳлини дуо қилиб хайрлашади.
Бировнинг уйига кирган одам керагидан ортиқ ўтириб қолмасликка ҳаракат қилади. Уй эгасининг иши, турли зарур юмушлари бўлиши мумкин. Бошқа меҳмонга ваъда берган бўлиши ҳам мумкин. Яна турли ҳолатлар ва узрлар бўлиши мумкин. Шунинг учун кирган одам узоқ қолиб кетмасдан, тезроқ ишини битириб чиқишга ҳаракат қилиши лозим.
– Бировнинг уйига кирган одам унинг изни билан ўша уйдан чиқади. Албатта, мезбоннинг изнисиз уйдан чиқиш уни ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин, яъни ҳовлида хотин-халаж юрган бўлиши ёки бирор бошқа ҳолатга кўз тушиши мумкин. Шунинг учун меҳмон мезбондан ташқарига чиқишга ҳам изн сўрайди. Мезбон эса, меҳмоннинг чиқишига шароитни тўғрилаб изн беради.
– Бировнинг уйи ва ҳовлиси ичига унинг рухсатисиз кўз тикиб ҳам бўлмайди.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олишса, кўзи зоя бўлибди», деганларини эшитганини айтиб берди».
– Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилишган. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир.

Маскан эгаларининг ўзаро одоблари

Албатта, ҳар бир масканда яшайдиган оила аъзолари, яъни ота-оналар, болалар, набиралар, келин-куёвларнинг  ҳаммалари биргаликда кичик бир жамиятни ташкил қилишади. Демак, уларнинг ўзаро муносабатлари ҳам тартибга солиниши лозим. Оила ичидаги муносабатларга оид одоблар ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу муносабатларга динимизда алоҳида аҳамият берилган. Қуйида мазкур одоблардан баъзиларини келтириб ўтмоқчимиз.
– Кўчадан келиб ўз уйига кираётган шахс ичкарига кириш дуосини ўқиб, салом бериб киради. Бу дуонинг маъноси Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ушбу ҳадисда баён этилади:
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши уйига кирганда «Аллоҳумма! инни асъалука хойрол мавлижи ва хойрал махрожи. Бисмиллаҳи валажна ва бисмиллаҳи хорожна ва алаллоҳи роббина таваккална» десин, сўнгра аҳлига салом берсин», дедилар».
Абу Довуд солиҳ санад ила ривоят қилган.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг исми ила кирдик. Аллоҳнинг исми ила чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккул қилдик».
Дуонинг мазмунига қаранг, қандай ҳам яхши! Уйига кираётган одам яхшиликни тилаб, Аллоҳ таолога боғланиб киради. Хонага кирганда оила аъзоларига салом бериб, улардан ҳол-аҳвол сўрайди ва хушҳол сўзлар ила уларнинг кайфиятини кўтаришга уринади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ҳой болагинам! Қачон аҳлингнинг олдига кирсанг, салом бер, (у) сенга ҳам, аҳли байтингга ҳам барака бўладир», дедилар».
Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.
– Кўчага чиқишдан олдин оила аъзоларига хабар бериб, уларга яхши тилаклар билдиради ва дуоларини сўрайди. Ота-онаси бўлса, улардан алоҳида дуо олади. Бундай қилиш кишининг юксак одобига далолат қилади. Ота-онадан, яқинлардан, аҳли-оиласидан дуо олиб, юмушига жўнаган кишининг куни хайрли, ишлари баракали, ҳар бир ҳаракати унумли бўлади.
Довуд ибн Қайсдан ривоят қилинади:
«Бир одам менга хабар берди. Абу Ҳурайра эрталаб уйидан чиқмоқчи бўлса, кийимларини кийиб, онасининг олдига келар: «Ассалому алайкум, онажон ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Мени кичкиналигимда тарбия қилганингиз учун Сизни Аллоҳ яхши мукофотласин!» дер эди. У эса: «Сени ҳам, ўғлим, кексайганимда менга яхшилик қилганинг учун Аллоҳ  яхши мукофотласин!» дер эди. Кейин (кўчага) чиқарди. Қайтганида ҳам шунга ўхшаш гапни айтарди» (Ҳасан Марвазий ривоят қилган.  
– Бир масканда бирга яшаётган оила аъзолари тақво асосида хушвақтлик, ҳузур-ҳаловот, ўзаро эҳтиром асосида, шариатда кўрсатилган одобларга амал қилган ҳолда яшашни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишади.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар» (2-оят).
– Оила аъзолари бир-бирларининг олдига киришда изн сўрашлари лозим. Бу борадаги шариат кўрсатмалари Нур сурасининг уч оятида келган. Ушбу оятларни ҳар бир оила аъзолари тез-тез, қайта-қайта ўрганиб туришлари керак.
Мазкур ояти карималарда уй ичидаги баъзи муомалалар, хизматчилар ва кичик ёшдаги болаларнинг хонадон соҳиблари ҳузурига киришга изн сўраши борасида нималар қилишлари лозимлиги ва шунга ўхшаш бошқа масалаларга ҳам тўхтаб ўтилади:
«Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. (Улар) сизларнинг атрофингизда айланувчидирлар, (сизлар ҳам) бир-бирингиз (атрофида айланувчидирсиз). Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ Алиймдир, Ҳакиймдир» (58-оят).
Ушбу ояти каримада уй ичидаги бир оила аъзолари ҳам бир-бирларининг олдига кириш учун изн сўраши кераклиги ҳақида сўз юритилмоқда.
Олдинлари қул ва чўрилар, ҳозирда эса уй хизматчилари, одатда хонадон ичида аралашиб юришади. Шунингдек, кичик ёшдаги болалар ҳам хоналарга кириб-чиқиб туришади. Кўплар бундай ҳолатларга нописандлик билан қарашади. Аслида «бу ўзимизнинг хизматчимиз-ку», ёхуд «бу ўзимизнинг балоғатга етмаган кичик боламиз-ку» демасдан, муносабатларга ҳушёр бўлиш керак. Хизматчилардан ҳам авратни эҳтиёт қилиш фарз. Болаларнинг эса, одоб-ахлоқ доирасида тарбия топишларига аҳамият бериш, уларнинг катталар турган жойга берухсат киришларига йўл қўймаслик керак. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бу ишга алоҳида эътибор қаратган, Қуръони каримда оятлар тушириб, унинг ҳукмини баён қилиб берган.
«Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар». Яъни, қул ва чўриларингиз ҳамда балоғатга етмаган кичик ёшдаги болаларингиз сиз турган хос жойга киришдан олдин уч вақтда изн сўрасинлар. Ўша вақтларнинг биринчиси: «...бомдод намозидан олдин...» Чунки, бу вақтда одам ҳали ўринда ётган, жойи йиғиштирилмаган бўлади. Агар улар изн сўрамай киришса, ноқулай ҳолат юзага келиши мумкин.
Иккинчиси эса: «...пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...» Айниқса, Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Бу пайтда ҳам изнсиз кириш ноқулай ва гуноҳ ишга сабаб бўлиши мумкин.
Мазкур вақтларнинг учинчиси: «...хуфтон намозидан сўнг». Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади. «(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир». Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун, хизматчилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар.
«Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ». Яъни, ўша вақтлардан бошқа пайт хизматчиларингиз ва балоғатга етмаган ёш болаларингиз изн сўрамай киришса, ҳеч бирингизга гуноҳ йўқ. Чунки: «(Улар) сизларнинг атрофингизда айланувчидирлар, (сизлар ҳам) бир-бирингиз (атрофида айланувчидирсиз)». Одатда, хизматчилар ва ёш болаларнинг хона ва уйларга кириб-чиқишлари кўп бўлади. Уларга ҳар киришда изн сўраш жорий қилинса, қийинчилик туғилади. Шунинг учун, мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.
«Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ Алиймдир, Ҳакиймдир». Аллоҳ ўта билувчи, ўта ҳикматли зотдир. Унинг ҳар бир ояти, ҳар бир ҳукми илмга, ҳикматга асослангандир.
Балоғатга етган болаларнинг изн сўраш ҳукми келгуси оятда баён қилинади:
«Қачон сизнинг ёш болаларингиз балоғатга етсалар, улардан олдингилар изн сўраганларидек, изн сўрасинлар. Аллоҳ Ўз оятларини сизга ана шундай баён қилур. Аллоҳ Алиймдир, Ҳакиймдир» (59-оят).
Балоғатга етган ўғил-қизларнинг улардан олдин изн сўраб юрган катта кишилар каби ота-оналари ва бошқалар ҳузурига изнсиз киришлари мумкин эмас.
Ривоятларда келишича, саҳобаи киромлардан бири ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менинг онам қариб қолган, унинг хизматини қилиб тураман, ҳар кирганимда рухсат сўрашим керакми?» деганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима, бўлмаса, онангни кийимсиз ҳолда кўрмоқчимисан?!» деганлар.
Айнан шу мулоҳаза туфайли, балоғатга етган болалар бир оила аъзолари бўлишса ҳам, бир-бирларининг ҳузурларига киришдан олдин изн сўрашлари жорий қилинган. Энди келадиган оятда эса, ўта қари аёллар бу ҳукмдан мустасно қилинадилар:
«Аёллардан (кексайиб) ўтириб қолган, никоҳни умид қилмайдиганларига зийнатларини кўз-кўз қилмаган ҳолда кийимларини қўйишларида гуноҳ йўқдир. Иффатларини сақласалар, ўзлари учун яхшидир. Аллоҳ Самийъдир, Алиймдир» (60-оят).
Ушбу оятдаги «кийимлари»дан мурод устдан кийиладиган ридодир. Аёл киши ўта қариб, никоҳдан умуман умидсиз бўлиб қолганда ўта ўраниб-чирманиб юрмаслигига рухсат бор. Лекин, шундай бўлса ҳам иффатларини сақлаганлари ўзлари учун яхшидир.
– Маскан эгалари ўзлари учун маскан Аллоҳ таолонинг катта неъмати эканини бир зум ҳам унутмасликлари лозим. Маскан Аллоҳ таолонинг неъмати эканини англаб етиш учун маскани йўқларнинг ҳолига назар солиш керак. Уй-жой топа олмай юрганларга, бировникида ижарага ўтирганларга эътиборни қаратиш, уларнинг ҳолига тушмаганига, маскан топиш машаққатига дучор бўлмаганига шукр айтиш лозим.
– Улар маскан неъмати учун Аллоҳ таоло таолога доимо шукр келтириб туришлари керак. Маскан неъматига ҳақиқий ва тўлақонли шукр келтириш эса, мазкур масканда Аллоҳ таолони рози қиладиган тарзда яшаш билан юзага чиқади. Маскан неъматига шукр ўлароқ маскан эгалари унда доимо Аллоҳ таолонинг зикрини, ибодатини кўпроқ қилишлари шарт.
– Маскан неъматига куфр бўлмаслиги учун маскан эгалари унда гуноҳ ишларни содир этмасликлари вожиб. Масканда содир этилган ҳар бир гуноҳ, шариатга хилоф ҳар бир иш маскан неъматига нисбатан куфрони неъмат экани бир зум ҳам маскан соҳибларининг ёдидан кўтарилмаслиги лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Фикр билдириш


Ҳимоя коди
Янгилаш

Кўп манзур бўлган мақолалар